Қашқарадё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Aytingchi…» лойиҳасига берган интервьюсида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти эркакни буғдойни ўз вақтида суғормагани учун ариққа туширгани ҳодисасига илк бор изоҳ берди.

2018 йилнинг октябрида интернетда олти эркакнинг бошини қуйи туширган ҳолда ариқда тургани акс этган фотосуратлар тарқалган эди. Бир оз ўтиб яна олти эркакнинг қўлларида йирик кесак кўтарган ҳолда дала ўртасида тургани тасвирланган бошқа расм пайдо бўлди. Булар ортидан Зойир Мирзаев истеъфога чиқарилган эди.

Президентнинг ўша ойдаги фармони билан у бош вазир ўринбосари — Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди. Бош вазир Абдулла Арипов ҳодисага изоҳ берар экан, вазиятни шармандали деб атади.

Ноябрда Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланди, 2019 йилнинг октябрида эса Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлди.

Хушнудбек Худойбердиев интервьюда ҳокимдан ишдан бўшатилганидан кейин нималарни ҳис қилганини сўради.

«Раҳбар ҳамма нарсага тайёр бўлиши керак, сиз амални бугун олдингиз, эртага уни қандай олган бўлсангиз ўшандай қилиб топшириб кетишга тайёр туришимиз керак. Бу ҳаёт тақозоси. Иккинчи тарафи борки, ўшандай пайти сиз суянадиган битта нарса бор — оилангиз бор. Агар сиз шундай ҳолатда оиланинг етакчиси бўлиб туриб ёки шу ҳолатга тушган инсон бўлиб туриб „трагедия“ қилиб ташласангиз, ўзингизга нисбатан, ё эшикни қулфлайсан, ётаман, ҳеч кимни киритма, деб ташласангиз, билингки уларга 10 карра оғир. У пайтда сиз ўзингизни тутишингиз керак, сиз ўша нарсани енгиб, кайфиятингизни кўрсатиб, нима биландир машғул бўлиб, ўша нарсани енгиш керак», — деди у.

«Мен, масалан, ўшанда ўзим бекор қолган даврим кўп эмас, 12 кун бўлган, 12 куннинг ичида, менда ҳар доим хонамда китоб турарди, Марсел Брионнинг „Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур“ китобини уч йил ўқий олмаганман. Келаман, бир варақ ўқийман, ёпиб қўяман. Кабинетда турарди… Лекин ўқий олмаганман. Лекин ўша китобни 9 кунда ўқиб тугатдим», — деди Зойир Мирзаев.

Ўша вақти ҳолимизни сўраган энг яқин раҳбарларимиз ҳам бўлган, бу нарсани бошдан ўтказган одам билади, деди у.

«Мен бугун ҳам амалдан кетадиган бўлсам, ким мен билан гаплашмай қўяди, ёки менинг аҳволимни сўрамай қўяди, десангиз, менда балки рўйхат йўқдир, лекин кутадиган одамларим бор, кутмайдиган одамлар бор. Мен уларнинг кўпидан кутмаганман ҳам.

Унинг сўзларига кўра, у катта хулоса чиқарган ва йўл қўйган хатолар учун жавоб бериш кераклигини тушуниб етган.

«Ҳеч ким хатодан ҳоли эмас… Келинг, бир нарсани айтай, вақт керак бўлар, балким бир йил ўтар, кўпроқ вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизи нима бўлганини бутун халқимиз билади. Мен, албатта, яна айтаман, бу — менинг хатойим бўлган. Замонни ўзгарганини ҳазм қила олмаганим. Замонга мослаша олмаганим. Сабаби, юқорида айтдимку, очиқлик… Бу нарсани ҳамма ҳам ҳазм қила олмайди», — деди вилоят раҳбари.

Зойир Мирзаев раҳбарлар ҳар доим тўлақонли нишонда эканини таъкидлаб ўтди.

«Ўша куни кўпчилик: „Сен хатога йўл қўйдинг, бу нима ўзи?“, деб мени изласа ҳам бўлар эдику. Ҳеч ким мени изламади ўша куни. Ҳаттоки имконият ҳам бўлмади. Яна айтаман, демак, шу вақтгача шу тўғрисида гапирмадим, бугун биринчи марта гапираяпман. Ҳақиқий негизини, ҳали холисона эшитамизам, кўрамизам. Бу нарса, Худо хоҳласа кўрилади. Бунчалик даражада ўзингиз қатори юрган халқни ҳақорат қилиш учун, халқни камситиш учун одамда юрак бўлиши керак эмас. Одам, қандайдир маънода бошқача одам бўлиши керак, деб ўйлайман. Биз ундай тарбия кўрмаганмиз. Мен, масалан, мени ишга ўргатган инсонлар, мени тарбиялаган инсонларнинг ҳаммаси — менинг домлаларим, ўқитувчиларим, ҳаммаси, бақир-чақир, бошқа… Ундай нарса бўлмаган. Демак айб, хато, нуқтаи назаридан, яна айтаман, бу шахсан ўзимнинг камчилигим. Мен ўшанда нима бўлган бўлса, ўзим лоқайдлик қилганман. Ҳаёт бир текис эмас, ҳамма нарса курашдан иборат. Албатта, лавозим бор экан, мансаб бор экан, талаш бўлади», — деди у.

Вазиятдан чиқарган яна бир хулоса сифатида, Зойир Мирзаев: «Сиз мулоқот қилаётган ҳар қандай одамнинг ғурури, нафсонияти бор. Уни топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қўллаб-қувватлайдиган инсонларнинг кучи билан, кечиримли бўлган раҳбарларимизнинг шарофати билан шу жойларда ўтирибмиз. Мен минг марта шукур қиламанки, бугун ишлаяпман мана шу жойда. Мана шундай забардаст, бағрикенг, бор нарсани борлигича қабул қила оладиган Қашқадарё халқи билан ишлаш насиб қилган экан, мен бундан фақатгина фахрланишим керак. Худога минг марта шукур қилишим керакки, мана шундай жойларда ишлаш насиб қилди», — деди.