Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги уйлардан бирида 8, 12 ва 14 ёшдаги уч ака-ука ис гази билан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

25 январь куни тахминан соат 5:10 да болаларнинг жасадлари ишдан қайтган отаси томонидан топилган. Унинг 37 ёшли рафиқаси ҳам ис газидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилган. Ҳозир у жонлантириш бўлимида.

Мавжуд маълумотларга кўра, ис гази оила ётган хонага ертўлага ўрнатилган иситиш қозонидан сизиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, 9 январь куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида тўрт кишилик оила, 5 январь куни эса Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида тўрт киши, жумлан уч гўдак ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.