Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон янги босқичга ўтиши учун замин яратилганини билдирди. У бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси юзасидан ташкил этилган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида фикр билдирган, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сўнгги уч йилда мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилди… Мана шуларнинг таҳлили асосида айтишим мумкинки, бизда янги босқичга ўтиш учун замин яратилди. Ўтган уч йилликнинг якуни эса сайлов бўлди. Мен шундай хулоса қилдимки, кечаги мурожаат кейинги йилда қилинадиган ишларнинг мурожаати эмас, балки кейинги ўн йиллик масаласидир», — дея фикр билдирди у.

Сенатор Содиқ Сафоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон муҳташам 10 йилликка кириб бормоқда.

Фото: Халқаро пресс-клуб.

«Биз учун бу — ҳаёт ва мамот масаласи. Биз замонавийлашган, рақобатбардош давлат бўламиз, ё ортда қолиб кетамиз. Шунинг учун, келгуси давр қадимий ўзбек халқининг минг йиллик тарихидаги энг муҳим 10 йиллик бўлади, десам муболаға бўлмайди», — деди у.

Сенатор давлат раҳбарининг мурожаатномаси орқали миллий якдлиллик платформаси яратилганига урғу берди. Унинг айтишича, жаҳонда тўртинчи саноат инқилоби юз бермоқда, янги технологиялар ҳаётнинг турли жабҳаларида кенг татбиқ этилмоқда. Зеро, мурожаатномадаги вазифа ва топшириқлар фақат парламент ё ижро ҳокимияти учун айтилмади. Ушбу платформа атрофида халқ бир бўлиб, жипслашиши лозим.

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев давлат раҳбари мурожаатномасини «тўртта Т» тамойили бўйича англаганини айтди: «Мурожаатномада таҳлил, таклиф, танқид ва ташаббус бор эди».


Фото: Халқаро пресс-клуб.

Икки соат ва эллик дақиқа давом этган мурожаатноманинг қарийб 64 дақиқаси айнан иқтисодий ривожланиш мавзусига бағишланди. Бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоровга кўра, президент таъкидлаган рақамли иқтисодиёт давлатларнинг қиёфасини ўзгартирмоқда, самарадорликни ошириб, шаффофликни кучайтирмоқда.

Фото: Халқаро пресс клуб

«Мурожаатномада хуфёна иқтисодиёт масаласига тўхталди. Ҳар хил баҳоларга кўра, унинг салмоғи иқтисодиётимизда 45 фоиз улушга эга. Бунга қарши кураш йўли қандай? Қарши кураш йўллари амалга оширилмоқда. Бу солиқ ислоҳоти, асосан. Иккинчидан, тадбиркорлар ҚҚС тўлаб, ҳисоб-фактура қоғозларини ишлатса, товарлар айланмасини кузатиб бўлмайди. Шунинг учун, электрон ҳисоб-фактуралар айланмасини жорий этяпмиз. Шу асосда маълум бир товарнинг ўз эгасига етиб бориши, солиқ тўланишини кузатиб борамиз. Бу меҳнат унумдорлиги ошишига сабаб бўлади. Шунинг учун, барча рақамли иқтисодиётга катта эътибор қаратмоқда», — деди молия вазири.

«Газета.uz» Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатида билдирилган асосий фикр ва иқтибосларни бир жойга жамлаб, эълон қилди.