Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойда янги турдаги коронавирус тарқалишини халқаро ташвишга соладиган фавқулодда ҳолат деб эълон қилмасликка қарор қилди, аммо вазиятнинг жиддийлигини тан олди. Бу ҳақда ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитасининг икки кунлик йиғилишидан кейинги баёнотида сўз боради.

«Бу Хитой учун фавқулодда вазият, аммо у ҳозирча дунё миқёсидаги соғлиқни сақлаш ҳолати учун фавқулодда вазиятга айлангани йўқ, аммо бундай бўлиши ҳам мумкин», — деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус.

Унинг таъкидлашича, янги пневмониянинг тарқалиши «Хитой учун жуда катта хавф ҳамда минтақа ва дунё учун юқори хавф туғдиради».

Ҳозирги вақтда ЖССТга 584 та ҳолат ва 17 та ўлим ҳолати маълум. Шу билан бирга, 575 та касалликка чалиниш ҳолати ва барча ўлимлар Хитойда содир бўлди. Вирус мамлакат ташқарисида Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Таиланд, АҚШ ва Вьетнамда аниқланди.

«Бизга ҳали кўп нарса маълум эмас. Биз ушбу вируснинг манбасини билмаймиз, унинг қанчалик осон тарқалишини тушунмаймиз ва унинг клиник хусусиятларини ёки оғирлигини тўлиқлигича англаб етганимиз йўқ», — дея тушунтириш берди ЖССТ раҳбари.

Қўмита вируснинг ҳар қандай мамлакатда пайдо бўлиши мумкинлигини истисно этаётгани йўқ. Шу боис барча мамлакатларга тайёр туриш, фаол равишда кузатув олиб бориш ва барвақт аниқлаш, шунингдек, касалликка чалиниш ҳолатлари тўғрисидаги барча маълумотларни ЖССТга тақдим этишни тавсия қилди.

Хитойда келиб чиқиши номаълум бўлган пневмония касаллиги декабрь ойининг охирида маълум бўлди. Касалликнинг одамдан одамга юқиши ҳолатлари маълум. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аввалроқ Хитойда коронавируснинг тарқалиши сабабли эпидемиологик ҳолатдан хавотирланиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ деб маълум қилди.