21 январь куни Россиянинг Томск областида ёнғин натижасида 12 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди. Шу куннинг ўзида 11 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, улардан 10 нафари ўзбекистонлик ва 1 нафари Россия фуқароси эканлиги маълум бўлган.

Мутахассислар томонидан олиб борилган бирламчи таҳлил натижаларига кўра, ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 11-фуқаро Андижон вилояти Андижон туманида истиқомат қилган Музаффаржон Мамаджонов бўлгани аниқланди (1976 йилда туғилган), деб маълумот бермоқда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Томск вилоятида юз берган ёнғин жабрдийдалари яқинларига ёрдам бериш, фалокат сабабларини ўрганиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилган.

Вафот этганлар шахси ўрнатилгандан сўнг, уларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш учун Тошкентдан махсус борт Томскка юборилади.