Тошкент архитектура-қурилиш институти биносининг 3-қаватидаги 310-аудитория шифти осилиб қолганлиги сабаби — 24 январь куни кундузи кузатилган ер силкиниши. Бунинг оқибатида хона шифтининг 5 кв. метри кўчиб тушган. Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, шифт тушиб кетган пайтда хонада ҳеч ким бўлмаган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеода акс этган ўқув хонасида 2019 йилнинг октябрь ойидан бери дарс машғулотлари олиб борилмайди. Ушбу бинодаги ўқув жараёнларини Юнусобод туманидаги Машинасозлик касб-ҳунар коллежи биносида давом эттириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилди, воқеа жойига борилиб, вазиятни ўрганган ҳолда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.