Навоий шаҳрида фаолият юритувчи Sensorika корхонаси раҳбари Норбек Арзиев навоийликларга чексиз ва бепул Wi-Fi орқали интернетга уланиш имкониятини тақдим этмоқчи. Норбек Арзиев «Газета.uz» билан телефон мулоқотида лойиҳа синов-тажриба тарзида ишга тушганини маълум қилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловида ғолиб бўлган Норбек Арзиев Латвиядан 300дан ошиқ роутер ускуналарини импорт қилгани, лойиҳани тўлақонли ишга тушириш учун барча шароитлар ҳозирланганини айтиб берди.

«Айни пайтда шаҳарнинг 20та нуқтасида лойиҳа синов тарзида ишлаб турибди. Биз таклиф этаётган лойиҳанинг афзаллиги — аҳолига ҳақиқатдан ҳам бепул ва чексиз интернетнинг тақдим этилишидадир. Шаҳарнинг исталган нуқтасидан тўлқин тармоғига уланган фойдаланувчи узлуксиз 1 Мбит/с тезликдаги интернет билан таъминланади», — дейди лойиҳа муаллифи.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, лойиҳа бўйича 1 млрд сўм давлат гранти ажратилган ва 2020 йилнинг ўзида шаҳар бўйлаб юқори тўлқинли 500та роутер ўрнатилиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳани жорий йилнинг 21 март куни — Наврўз байрами арафасида расман ишга тушириш режалаштирилган. Муаллифнинг қўшимча қилишича, тезлиги 4 Мбит/с бўлган аналог узатма пулли обуна орқали тақдим этилади.

Тошкент шаҳрида ҳам шунга ўхшаш (қисман тижорий) лойиҳалар ишга туширилган. Жумладан, пойтахт метрополитенида ҳам интернетга уланиш имконияти пайдо бўлган.