Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига ташрифи давомида 2019 йил 1 август куни Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Беларусь Республикаси ҳукумати ўртасида таълимга оид ва ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисида битим имзоланган эди.

Мазкур битимни тасдиқлаш бўйича 2020 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси юқорида кўрсатилган халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди.

Мазкур битим таълимга оид, ўқишга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш асосларини белгилайди. Ҳужжатлар аккредитацияланган таълим муассасаларида ёки илмий ташкилотлар томонидан берилган бўлиши лозим.

Икки давлатда ҳам берилган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномалар ўқишнинг давомийлиги 9 йилдан кам бўлмаса, ўзаро тан олинади ҳамда ҳужжат ўз эгаларига умумий ўрта таълимнинг кейинги босқичида 10−11-синфда ёки ўрта махсус, касбий таълим дастурлари бўйича давом эттириш ҳуқуқини беради.

Беларусь Республикасида берилган умумий ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат, умумий ўрта маълумот билан бирга касб-техника маълумоти тўғрисидаги диплом ва Ўзбекистон Республикасида берилган умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестат, ўрта махсус, касбий таълим тўғрисидаги диплом ўз эгаларига таълимни олий таълимнинг бакалавриатида давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади.

Олий таълим олиш даври 4 йилдан кам бўлмаган ҳолда икки томонда берилган олий маълумот тўғрисидаги бакалавр дипломи, ўз эгаларига ўқишни олий таълимнинг иккинчи босқичида (магистратура) таълим дастури бўйича давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади. Икки томонда ҳам берилган магистр дипломлари олий таълимдан кейинги таянч докторантура дастурлари бўйича ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берувчи таълимга оид ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади.

Шу билан бирга битимнинг 7-моддасига асосан томонларнинг ўқув даврлари якунланганини тасдиқловчи ҳужжатлар ўз эгаларига тегишли босқичлар ёки маълумот даражаси таълим дастурлари бўйича Томонларнинг давлат таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берувчи ўқиш тўғрисидаги ҳужжат сифатида ўзаро тан олинади. Бу дегани олий таълим муассасаларининг маълум курсларидан икки давлат ўртасида ўқишни кўчириш, ёки қўшма дастурлар асосида 2 йил Ўзбекистонда, кейинги 2 йилини Беларусь Республикасида ўқиш ва битиргач икки давлатнинг ҳам дипломларни олиш имкониятларни беради.

Касбий фаолият билан шуғулланиш учун эса Ўзбекистон Республикасида ҳам Беларусь Республикасида ҳам амалдаги қонунчилиги доирасида синов орқали ёки белгиланган имтиёзларга эга бўлинган ҳолатларда махсус синовларсиз амалга оширилади.

Икки давлат ваколатли органлар орқали битимнинг қоидаларини амалга ошириш юзасидан ўзаро маслаҳатлар ўтказиш, ўзгаришлар тўғрисида хабардор этиш, шунингдек, маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг номлари ва намуналарини ўзаро айирбошлаш мажбуриятини оладилар.