22 январь куни Ақтобе вилояти Ирғиз тумани ҳудудида Самара-Чимкент автомобиль трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил автомобиль йўловчиси, Ўзбекистон фуқароси Н.С. вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати мамлакатнинг Ақтаудаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси берган маълумотга таяниб хабар қилди.

Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва Қозоғистоннинг тегишли идоралари билан тезкор алоқа ўрнатган. Шунингдек, Бош консулхона хабар беришича, об-ҳаво шароитининг ёмонлашгани туфайли Қозоғистоннинг 9 та вилоятида 48 та участка барча турдаги автотранспорт воситалари учун вақтинча ёпилди. 23−25-январ кунлари кучли қор ёғиши ва бўрон давом этади.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқиналарига таъзия билдириб, Ўзбекистон фуқароларини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида мазкур мамлакатга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига эътибор қаратишга чақирди.

Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (Нур-Султон шаҳри, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қостанай ва Қарағанда вилоятлари, тел.: +7−717−295−45−87, +7−777−218−20−10 (Telegram, WhatsApp, Imo); Ақтау шаҳридаги Бош консулхонага (Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон ва Мангистау вилоятлари, тел.: +7−29−277−71−17, +7−777−599−00−50, +7−777−599−00−51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (Олмаота шаҳри, Чимкент шаҳри, Олмаота вилояти, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари, тел.: +7−727−299−20−70, +7−727−390−26−16) мурожаат қилишлари мумкин.