Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот ташкилоти томонидан тузилган Демократия индексида (Democracy Index 2019) Ўзбекистон 157-ўринни эгаллади. Рейтингга жами 165 мамлакат, шунингдек, Гонконг ва Фаластин маъмурияти киритилган.

Рейтингнинг янги таҳририда Ўзбекистон 2,01 балл тўплади ва 2018 йилга нисбатан 1 поғона пастлаган ҳолда «авторитар режимлар» рўйхатида қолди.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 2,94 балл билан 139-ўрин, Қирғизистон 4,99 балл билан 101-ўринни банд этган бўлса, Тожикистон 1,93 балл билан 159-ўринни, Туркманистон 1,72 балл билан 162-ўринни эгаллади.

«Белорусия, Озарбайжон ва Марказий Осиёнинг тўртта давлати (Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) диктатурада қолмоқда, аксарият давлат раҳбарлари ўн йиллардан буён ҳокимиятни эгаллаб келмоқда», — дейилади EIU ҳисоботида.

Мутахассислар яқин йилларда сиёсий мухолифатнинг ҳокимият тепасига келиши даргумонлиги сабабли ушбу мамлакатларда сезиларли яхшиланишлар бўлишини кутаётганлари йўқ.

Бироқ, авторитар бошқарув тузилмаси заиф, дейди тадқиқотчилар. Масалан, Туркманистонда оғир иқтисодий аҳвол, маҳсулотларнинг кескин етишмовчилиги, валютага эгаликнинг чеклангани ва бошқа муаммолар кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Норвегия 9,87 балл тўплаган ҳолда яна рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин 9,58 балл билан Исландия, 9,39 балл билан Швеция бормоқда. Кучли бешликка, шунингдек, 9,26 балл билан Янги Зеландия ва 9,25 балл билан Финляндия кирди. Индекс бу сафар ҳам 1.08 балл олган Шимолий Корея билан якунланган.

The Economist Intelligence Unit Демократия индексини 2006 йилдан бери нашр этиб келади. Рейтинг беш тоифага асосланади: сайловлар ва плюрализм; ҳукумат фаолияти; жамоатчиликнинг сиёсатдаги иштироки; сиёсий маданият; фуқаролик эркинликлари.

Ушбу тоифалардаги бир қатор кўрсаткичлар бўйича баҳолардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир мамлакат тўрт турдаги режимлардан бири билан таснифланади: «тўлиқ демократия», «номукаммал демократия», «гибрид режим» ёки «авторитар режим».

2019 йилда дунёдаги демократиянинг умумий даражаси рейтинг эълон қилиб келинаётган давр давомида энг ёмон кўрсаткични қайд этди — 5.44 балл (2018 йилда — 5.48 балл). Мутахассислар глобал кўрсаткичнинг пасайишини Лотин Америкаси ва Африканинг Саҳродан жанубдаги мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятнинг кескин ёмонлашиши ва дунёнинг қолган тўртта минтақасидаги турғунлик билан боғламоқда.

«Тўлиқ демократия»га эга давлатлар сони 22 тага етди, уларда дунё аҳолисининг 5,7 фоизи яшайди. «Номукаммал демократия» тоифасидаги мамлакатлар сони эса 54 тага қисқартирилди (дунё аҳолисининг 42,7 фоизи).

54 мамлакат (дунё аҳолисининг 35,6 фоизи) «авторитар» режимларга мансуб. Дунё аҳолисининг 16 фоизи яшайдиган яна 37 мамлакат эса «гибрид режим» деб таснифланади.