21 январ куни Хитой ҳукумати янги 2019- nCoV коронавируси тарқалиши сабабли Уханни тарк этишни тақиқлади. Авиарейслар, поездлар ва автобусларнинг шаҳардан чиқиши вақтинча тўхтатилди, дея хабар берди «РБК».

Тақиқни бекор қилиш муддати кўрсатилмаган. Бундан ташқари, ҳудудий ҳукумат Уханга қатнайдиган шаҳарлараро автобуслар ҳаракатини тақиқлаб қўйди. Аэропортлар ва темир йўл вокзалларида уханлик йўловчилари учун алоҳида текшириш навбатлари ташкил этилган. Хитой янги йили яқинлашиб келаётгани муносабати билан мамлакатда йўловчилар оқими сезиларли даражада ортишини ҳисобга олиб, Уханда транспорт ҳаракати тўхтатилган.

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотларига кўра, ҳозирда коронавирус туфайли келиб чиққан пневмония билан оғриган беморлар сони 541 кишини ташкил этади, 17 киши вафот этган. Яна тўртта ҳолат Таиландда, иккитаси Гонконгда, биттадани Макао, Тайван, Жанубий Корея, Япония ва АҚШда аниқланди. Россияда Хитойдан келган бир нечта рейсларнинг йўловчилари зудлик билан касалликни юқтирганликда шубҳаланиб касалхонага ётқизилган, аммо шу пайтгача бирон бир ҳолат тасдиқланмаган.

Касалликни юқтириш ҳолати илк бор ўтган йилнинг 12 декабрида қайд этилган эди. Мамлакат ҳукумати касаллик кенг тарқалаётгани ҳақида декабрь ойи охирида эълон қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, чегарадан ўтиш жойларида ва республиканинг барча халқаро аэропортларида янги коронавирус вирусини юқтирганлар учун тиббий кўриклар кучайтирилган.

Аввалроқ 3−14 февраль кунлари Хитойнинг Ухань шаҳрида Осиё-Океания қитъалари учун бокс бўйича Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақа ўтиши белгиланган эди. Ушбу ҳудудда ҳаёт учун хавфли корона-вируснинг тарқалиши сабаб лицензион турнир бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.