2019 йилда банк кассалари орқали ўртача ойлик нақд пул айланмаси 23,9 трлн. сўмни ва йил бўйича жами 287,1 трлн. сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 3,4 баробарга ва 2018 йилга нисбатан 1,7 баробарга кўпайди, дейилади Ўзбекистон Марказий банки шарҳида.

Йил давомида банклар орқали олинган нақд пуллар ҳажми 68,4 фоизга кўпайган бўлса, келиб тушган нақд пул маблағлари ҳажми 71,6 фоизга ошди. Натижада муомаладаги нақд пуллар миқдорининг ўсиши 2019 йилда 9,4фоизни ташкил этиб, 2018 йил (14 фоиз) ва 2017 йилларга (47,2 фоиз)га нисбатан секинлашди.


2017 йилда нақд пулга талаб асосан пенсия, нафақа (33,1 фоиз) ва иш ҳақи (33 фоиз) тўловлари ҳисобига шаклланган бўлса, 2019 йилга келиб нақд маблағлар асосан банк карталаридан нақдлаштириш ва жисмоний шахслардан чет эл валютасини сотиб олиш операциялари салмоқли улушларга эга бўлди.

Жумладан, хорижий валютани сотиб олиш учун нақд пул чиқимлари улуши 2019 йилда 2017 йилга нисбатан 7,9 фоизли бандга ошиб, 22,8 фоизга, банк карталаридан ечилган нақд пуллар улуши эса 18,5 фоизли бандга ошиб, 25,3 фоизга етди.

2019 йилда банк карталарига келиб тушган 112,7 трлн. сўмлик маблағларнинг нақдлаштирилган қисми 36,6 трлн. сўм ёки 32,4 фоизни ташкил этиб, 2017 (6,1%) ва 2018 йилга (17,4%) нисбатан сезиларли даражада ошди.


2019 йилда банк карталаридан ечиб олинаётган нақд пулларнинг асосий қисми, 68,6 фоизи (2017 йилда — 3,1 фоизи, 2018 йилда — 40,0 фоизи) банкоматлар ҳиссасига тўғри келди.

2019 йилда банк карталари орқали ҳисоб-китоблар ҳажмининг ўсиш суръати 11,7 фоизни ташкил этиб, нақд пулдаги тўловлар ҳажмининг ўсиш суръатларига (71,6 фоиз) нисбатан паст бўлди. Натижада аҳоли томонидан товар ва хизматлар хариди учун амалга оширилган тўловлар таркибида банк карталари орқали ҳисоб-китоблар улуши 2019 йилда олдинги йилга (53,1 фоиз) нисбатан камайиб, 43,2 фоизни ташкил этди.

Мазкур ҳолат бугунги кунда иқтисодиётнинг чакана сегментида нақд пулдаги ҳисоб-китоблар кўпроқ маъқул (афзал) кўрилаётганлигидан далолат беради, дейилади шарҳда.