Афғонистон ўз ҳудудида АҚШ ҳарбийлари сонини камайтиришга тайёр, дея баёнот берди мамлакат президенти Ашраф Ғани. У бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампни ҳам огоҳлантирилгани ҳақида Швейцарияда ўтган халқаро Давос иқтисодий форумида гапирди.

New York Times нашрининг Ғани сўзларидан иқтибос келтириб хабар беришича, айни қарор ҳукуматнинг Толибон ҳаракати билан музокараларини ижобий якунлашга туртки бўлади.

Ўзбекистон жанубидаги давлат ҳудудида айни чоғда 12 минг америкалик ҳарбий хизматчи фаолият олиб бормоқда, аммо саккиз йил аввал Пентагон ҳарбий кучлари Афғонистонда 100 минг нафар аскарни ташкил этарди. Ҳарбий контиyгентни кескин қисқартириш АҚШ дипломатиясининг Толибон ҳаракати билан ўтказган яқин уч йилликдаги музокаралари натижасида тинчлик сари дадил қадами сифатида қабул қилинди.

Охирги йилларда Қатарда тинчлик музокаралари муваффақиятсиз ўтганига қарамай, америкаликларнинг Афғонистондан босқичма-босқич чиқиб кетиши 2018 йили бошланди. Ҳар икки томон келишув борасида охирги нуқтани қўйиш арафасида, президент Трамп музокаралар «ўлик» эканига урғу берган. Барибир жараён кейинчалик бошланди, аммо бироз вақт ўтиши билан музлаб қолди.

Ғани афғон тинчлик музокараларининг ашаддий танқидчиси ҳисобланади. Негаки, Толибон вакиллари билан бир столга ўтирган америкаликлар кўпинча унинг ҳукуматини эсдан чиқариб қўяди. Шунга қарамай, Давос форумида сўзлаган Ғани Афғонистонда қолаётган АҚШ ҳарбийларининг 1/3 қисмини уйга қайтаришга даъват қилди.

Шу билан бирга, Қатарда тўхтатилган музокаралар қайта бошланиши мумкинлиги хабари берилди. Ғани журналистлар орқали Трампга мурожаат қилиб, ҳукумати аскарларни чиқиб кетишига ҳар қачон ёрдам беришини айтган.