Тошкентнинг Яккасарой кичик саноат зонасида жойлашган 300 дан ортиқ корхона Сергели туманидаги янги саноат марказига кўчирилади, деб хабар берди сешанба куни Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов матбуот анжуманида.

Яккасарой КСЗ ҳудудида эса Day and Night («Кеча ва кундуз») бизнес маркази қурилади. Саноат зонаси корхоналарига фойдали шартлар асосида Сергели туманидаги «САР» махсус саноат зонасига (МСЗ) кўчиб ўтиш таклиф этилади, деди у.

Яккасарой КСЗдаги Day and Night бизнес маркази лойиҳаси.

«САР» МСЗ Сергели туманидада Тошкент ҳалқа йўлидан ташқарида 74 гектар майдонни эгаллайди. Тошкент ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, саноатни ривожлантириш, туризм ва хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш бўйича ўринбосари Шароф Раҳмоновнинг сўзларига кўра, бу ерда умумий овқатланиш корхоналари ва мини-меҳмонхона қурилади. Уларнинг қурилиши маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, КСЗ ходимлари учун турар-жой бинолари, болалар боғчаси ва спорт майдончаларини қуриш режалаштирилган.

«САР» МСЗ лойиҳаси. Сурат: Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати.

Шароф Раҳмоновнинг маълум қилишича, кўчиб ўтиш бир йил давом этади. «Биз ҳозирда [Яккасарой КСЗ корхоналари] эгаллаб турган майдонлардан келиб чиқиб дастлабки режалаштиришни амалга оширдик», деди у. «Ушбу маълумотлар қўлда тутган ҳолда» корхоналар билан ишлаш режалаштирилган.

Яккасарой КСЗ шаҳар марказига яқин жойда, собиқ тўқимачилик фабрикаси ўрнида — Шота Руставели, Бобур, Муқимий, Қушбеги ва Кичик ҳалқа йўли ўртасида жойлашган. Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, ўтган йили махсус ташкил этилган ишчи гуруҳ КСЗ корхоналарининг бугунги ҳолатини ўрганган.

Саноат зонаси 54,5 гектар майдонни эгаллайди. Унда 306 та корхона жойлашган бўлиб, уларда 5800 киши ишлайди. Ҳудуднинг 35 фоизидан мақсадга номувофиқ фойдаланилмоқда, 15 фоиз ер эса бўм-бўш", — деди ҳоким.

Ходимларнинг қарийб 70 фоизи ҳар куни иш учун вилоятлардан келишади, бу эса корхоналар етарлича иш ҳақи тўламаслигидан далолат беради, деб ҳисоблайди Анвар Сайфутдинов

У КСЗ корхоналари пойтахт ҳокимияти ҳузуридаги Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси Ижара марказидан 7,6 миллиард сўм қарздор. Коммунал хизматлар учун қарзлар миқдори 1,2 миллиард сўмни ташкил этди.

Корхоналар даромади кетма-кет уч йил давомида пасайиб бормоқда. Агарда 2017 йилда КСЗнинг барча ташкилотлари 45 миллион доллар ишлаб топган бўлса, 2018 йилда 33,3 миллион, 2019 йилда эса 28,7 миллион доллар ишлаган, дея қайд этди у.

Анвар Сайфутдиновнинг қўшимча қилишича, ярим асрдан кўпроқ вақт аввал тўқимачилик саноати учун қурилган Яккасарой КСЗ бинолари озиқ-овқат ва кимё саноатига мос эмас. Бу ерда санитария ва ёнғин хавфсизлиги стандартлари бузилган. Умуман олганда, таърифланганларнинг барчаси саноат маданиятининг етишмаслигини акс эттиради, деди у.

Шароф Раҳмоновнинг таъкидлашича, Яккасарой КСЗдан фарқли ўлароқ, «САР» МСЗда тадбиркорлар ерга бепул эгалик қилишади. Яккасарой КСЗ корхоналари, шунингдек, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш учун устувор ҳуқуққа эга бўладилар.

«САР» МСЗ лойиҳаси. Сурат: Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати.

МСЗ маъмурияти коммуникацияларни ўтказади ҳамда биноларни фоизсиз етти йиллик бўлиб тўлаш асосида ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мос тарзда қуриш ва жиҳозлашга ёрдам беради, деди у.

Шунингдек, тадбиркорлар Сергели МСЗ лойиҳа шартларига мувофиқ ўз биноларини мустақил равишда қуришлари мумкин. Бинолар ранги, хавфсизлик меъёрлари, жойлашуви ва бошқалар назарда тутилмоқда.

Шароф Раҳмоновнинг қўшимча қилишича, Сергели КСЗ ерлари, шунингдек, ер ва биноларга устувор ҳуқуққа эга бўлмаган корхоналар орасида бозор шароитида сотилади.

«Газета.uz» тез орада Яккасарой КСЗда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг фикрларини алоҳида эълон қилади.