Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Томск вилоятида юз берган ёнғин жабрдийдалари яқинларига ёрдам бериш, фалокат сабабларини ўрганиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, комиссия аъзолари зиммасига қуйидагилар юклатилган:

  • ҳалок бўлган фуқаролар ва жабрланганларнинг яқинларига зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш;
  • жабрланганлар ва ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жасадини ватанга олиб келиш бўйича ташкилий чораларни кўриш;
  • Россия мутахассислари билан ҳамкорликда ёнғинни келиб чиқиш сабабларини ўрганиш;
  • маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда вафот этган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш.

Аввал хабар қилинганидек, 21 январга ўтар кечаси Томск вилоятининг Асиновский туманидаги ёғоч уйлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ушбу манзилда жами 12 нафар Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилишган. Ўн киши ҳалок бўлди, икки кишига тиббий ёрдам кўрсатилди.

Кейинроқ, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Россиянинг Томск вилоятида ҳалок бўлган тўққиз ватандошнинг исм-шарифларини эълон қилди.