Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги чорва молларини экспорт қилишни бутунлай тақиқлашга қарор қилди. Асосий сабаб — Ўзбекистонга етказиб берилаётган маҳсулот ҳажмининг кескин ўсиши.

Ўтган йили Қозоғистондан 156 минг бош қорамол экспорт қилинди. Уларнинг аксарияти — 121,6 минг бош ёки 78 фоизи Ўзбекистонга етказилган.

Шунингдек, қарийб 264 минг бош қўй қўйлар экспорт қилинди, уларнинг ярмидан кўпи наслдор зотлар. Кичик қорамолларнинг асосий харидорлари ҳам Ўзбекистон бўлиб, 200 мингдан ортиқ қўй ёки 76 фоизи етказиб берилди.

«Кейинчалик қайта ишлаш ва қайта сотиш учун чорва молларини оммавий равишда экспорт қилиш гўшт маҳсулотлари нархларини спекулятив оширишга замин яратди. Бундан ташқари, ҳозирги вазият қозоқ гўштни қайта ишлаш корхоналари ва озуқа базалари юкининг камайишига олиб келди», — дейилади Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.

Ем-хашак ва гўштни қайта ишлаш заводлари мурожаатлари асосида 2019 йил 21 октябрдаги Қишлоқ ва молия вазирликларининг «Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини экспорт қилишнинг айрим масалалари тўғрисида» қўшма буйруғига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди, у шу вақтгача фақат наслдор молларни экспорт қилишни вақтинча чеклаган эди. Ўзгартириш тирик ҳолдаги йирик ҳамда барча жинс ва ёш гуруҳидаги майда шохли молларни олиб чиқишни мутлақо тақиқлайди.

Қабул қилинган ўзгаришлар «яқин йилларда Қозоғистонда чорва моллар сонини сақлаб қолиш ва кўпайтиришга, маҳаллий гўштни қайта ишлаш корхоналарига юқори сифатли хом ашёни арзон нархларда етказиб бериш ҳамда тайёр қайта ишланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кўпайтиришга имкон беради», дейилади Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.