2020 йил 18 январь куни соат 11:00 ларда Фарғона вилояти Боғдод туманида бешта автотранспорт иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Фарғона халқа автомобиль йўлида қалин туман тушиши оқибатида кўриш даражаси пасайганлиги сабабли 4Р 112 «Фарғона ҳалқаси» автомобиль йўлининг 289-километрида ҳайдовчи Бувайда туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган Ю.Н. шу манзилда яшовчи отасига тегишли «Камаз-5511» русумли автомобилини бурилиб олиш жойидан буриб олаётган вақтида, қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган 4 та «Нексия» русумли транспорт воситалари Ю.Н. бошқарувидаги юк автомобилига келиб урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада «Нексия» автомобилларининг уч нафар йўловчиси ва бир нафар ҳайдовчиси тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган. Шунингдек, яна бир йўловчи олган тан жароҳати оқибатида касалхонада вафот этган.