Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси мамлакатда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида батафсил статистикани нашр қилишни бошлади.

ЙҲХББ матбуот хизмати томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2020 йилнинг дастлабки 10 кунида мамлакатда 107та бахтсиз ҳодиса рўй берган, уларнинг 103 таси ҳайдовчилар ва 4 таси пиёдалар томонидан содир этилган. Ушбу бахтсиз ҳодисалардан жабрланганлар сони 100 кишини, ҳалок бўлганлар сони эса 35 кишини ташкил этди.

Энг кўп ЙТҲлар Тошкент вилоятида — 20 та, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида — 11 тадан, Тошкентда — 10 та рўйхатга олинди. Сурхондарёда — 9 та, Андижон вилоятида — 7 та, Бухорода, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда 6 тадан, Навоий ва Самарқанд вилоятларида — 3 тадан, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида — 2 тадан ЙТҲ содир бўлган.

Дастлабки таҳлиллар натижаларига кўра, пиёдаларнинг қатнов қисмининг белгиланмаган жойидан ўтиш вақтида 35 та ЙТҲ содир бўлган бўлса, 18 таси — тезликни ошириш, 14 таси — қувиб ўтиш ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиш, 7 таси — ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш, 6 таси — чорраҳадан ўтиш қоидаларини бузиш ва светофор сигналларига риоя этмаслик, 4 таси — ҳайдовчиларнинг пиёдалар ўтиш жойида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик, 1 таси — масофани сақламаслик ва 22 таси бошқа қоидабузарликлар туфайли содир бўлган.

ИИВ ЙҲХББнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бундай статистика эндиликда мунтазам равишда эълон қилинади.

2019 йилда, ЙҲХББ статистик маълумотларига кўра, 8588 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, улар натижасида 1915 киши вафот этган ва 6673 киши жароҳатланган. Ўтган йили ҳайдовчиларнинг айби билан 7643та, пиёдалар туфайли — 845та ЙТҲ содир этилган.