16 январь куни Россиянинг Саратов вилоятида ичида 8 киши, жумладан 5 нафар Ўзбекистон фуқароси кетаётган микроавтобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати республиканинг Қозон шаҳридаги бош консуллигига таяниб.

Ҳодиса оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, уч киши Саратов вилоят клиник шифохонасига ётқизилди.

«Взглёд-инфо» ахборот агентлигининг хабар беришича, автоҳалокатда жами тўрт киши ҳалок бўлган, беш киши яраланган. Бахтсиз ҳодиса пайшанба куни эрталаб Полчаниновка қишлоғи яқинида содир бўлган. Волга автомобили ва Hyundai минивени тўқнашган. Микроавтобус йўналишли эмас, шахсий бўлган, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва тиббиёт муассасалари билан алоқа ўрнатган.