Тошкент ҳокимлигида Қобул ҳокимининг ижтимоий-маданий масалалар бўйича ўринбосари Муҳаммад Фозил Шарифий билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар қилди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Қобул ҳокими ўринбосари бугунги кунда Тошкент билан биродарлашган шаҳарлар кўплигини қайд этиб, Қобул томони ҳам уларнинг сафига қўшилиш ниятида эканлигини билдирди. Шунингдек, айни пайтда Қобулда Темурийлар ва Бобур даврида қурилган тарихий иншоотлар борлигини қайд этиб, уларни реконструкция қилишда бизнинг мутахассислар маслаҳати ва амалий ёрдами аҳамиятли бўлишини таъкидлади.

Муҳаммад Фозир Шарифий Тошкент бозорлари иш тажрибасини ўрганиш, Тошкент ва Қобул ҳайвонот боғлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш, чиқиндиларни йиғиш ва утиллаштириш йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифларини айтиб ўтди.

Меҳмоннинг сўзларига кўра, айни пайтда Қобулдаги ҳайвонот боғининг ҳудуди 6 гектардан иборот бўлиб, ҳукумат томонидан унга яна 20 гектар ер қўшиб берилди. Шу сабабли Қобул ҳокимлиги боғ фаолиятини ривожлантириш учун иқлими ўхшаш бўлган ҳудудларнинг шаҳарлари билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатиш ҳаракатида.

Ўзбекистон сўнгги вақтларда Афғонистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни фаоллаштириш чораларини кўрмоқда. 2017 йил январь ойи охирида Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифи чоғида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш бўйича «йўл харитаси»ни имзолади.