23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Корея Республикасидан мағлубиятга учради. 15 январь куни Таиландда бўлиб ўтган ўйин 1: 2 ҳисобида якунланди.

5-дақиқада Жанубий Корея миллий терма жамоаси ҳужумчиси О Се Хун жарима майдончаси ташқарисидан гол урди. Ўзбекистон 21-дақиқада ҳисобни тенглаштирди — ҳужумчи Бобур Абдухолиқов тўпни боши билан дарвозанинг узоқ бурчагига йўллади.

Иккинчи бўлимда О Се Хун жарима майдончаси ташқарисидан Абдувоҳид Неъматов дарвозасига зарба йўллаб дубль қайд этди.

Мағлубиятга қарамай, сербиялик мутахассис Любинко Друлович шогирдлари турнир чорак финалига чиқди. Параллел кечган баҳсда Эрон Хитойни мағлуб этди (1:0), аммо киритилган голлар ва ўтказиб юборилган голлар фарқи бўйича Ўзбекистон Эрон жамоасидан устун бўлди.

Видео

Фото

Фото: ЎФА матбуот хизмати.


Фото: the-afc.com.