Илгари Қорақалпоғистонга бормагандим. Ўзбекистон фуқароси сифатида аслида бундан уялишим керак. Лекин йўл тушмаса, иш бўлмаса шунчаки бориш қийин — масофа узоқ ахир. Шунинг учун Ёшлар Иттифоқи томонидан Мўйноққа бирга бориш таклифини ортиқча ўйланмай қабул қилдим.

Ўзбекистоннинг кўп жойларида бўлганман. Шунинг учун мендан қаерда меҳмондўстлик юқори деб кўп сўрашади. Бу саволга жавоб бериш қийинроқ. Сабаби ҳамма жойнинг урф-одатлари ўзига хос.

Қорақалпоғистонда ҳам меҳмонни ниҳоят даражада ардоқлашар экан. Улар кўрсатаётган эътибор ва тавозедан хижолат бўла бошлайсан ҳатто.

Нукус аэропортидан тўғри Мўйноққа қараб юрдик. Икки йил олдин туман марказига келганларнинг айтишича, бу ерда ошхона ҳам бўлмаган. Ҳозир Мўйноқ анча чиройли кўринишга келган. Турли емакхоналар, меҳмонхоналар очилибди.

Тушликдан сўнг навбати билан иккита жойда Ёшлар Иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев билан учрашув ўтказилди. Шундан кейин чет овулларга қараб йўл олдик.

Тумандаги 11-мактаб ҳовлисида бир гуруҳ фуқаролар Саъдуллаевни кутиб турарди. Улар билан суҳбат давомида аҳолини қийнаётган муаммолар тингланди, ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу ўринда бир нарсани айтиб кетай. Алишер Саъдуллаев муаммосини айтган одамларга ўзининг қўл телефон рақамини берди. Масалангиз ҳал бўлмаса, қўнғироқ қилиб айтинг деди. Алишернинг ушбу ҳарракатини бугунги кун раҳбарларининг аксарига керак бўлган жиҳат сифатида кўрдим.

Эртаси куни биз Мўйноқ марказидан 60 км узоқликда бўлган масканга қараб йўл олдик. Биз юрган йўлларда илгари Орол денгизи сувлари бўлган. Энди эса денгиздан эсдалик сифатида чиғаноқлар ва тузли чўл қолди холос.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган масканда «Халқаро пресс клуб» семинари ўтказилди. Тўғридан-тўғри эфирда узатилган дастурни кўпчилик кўрди бизнингча.

Шундан сўнг саксовул экишга йўл олдик. Ҳаво ўта совуқ. Бунақасини илгари кўрмаганман. Қисқа муддат ичида қарийб 300 киши 3 гектарга яқин жойга саксовул экиб чиқди.

Саксовул экиш олдидан ерни қазувчи мосламани ҳам навбати билан ишлатиб кўрдик. Яхши ниятлар билан кўчатларни экдик.

Шунингдек махсус самолётда саксовул уруғлари сепиб чиқилмоқда. Бизга маълумот беришларича, тўртта самолёт айнан шу юмушга сафарбар этилган.

Орол денгизини қайтариш имконсиз. Бу бизнинг қўлимиздан келмайди. Аммо денгиз қуриган ҳудудда ўрмонзор ташкил қилиш қўлимиздан келади. Шу йўлда ҳаракат қилсак, кўзлаган мақсадимизга етишамиз.


Темур Аъзам, Тошкент-Нукус-Мўйноқ-Тошкент