13 январь куни соат 13:10 атрофида Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳудудида «Қарши-Самарқанд» йўналиши бўйлаб А-378 автомобиль йўлининг 19-километрида 13 та автомашина иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди. Ўзбекистон ИИВ ЙҲХБ ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Бошқарманинг қайд этишича, ҳайдовчи Т.У. «Камаз» русумли юк машинасини «Қарши-Самарқанд» йўналишида бошқариб бораётиб, қалин туман тушгани, қор ёғаётгани ва кўриниш чекланганлиги сабабли йўлнинг ўнг четига тўхтамоқчи бўлган. Бироқ шу йўналишда орқада ҳаракатланиб келаётган «Форд» русумли автомобиль ҳайдовчиси Э.Т. йўлнинг қатнов қисми музлаганлигини инобатга олмагани оқибатида «Камаз»нинг орқа қисмига урилган. Шунингдек, ушбу автомобиль орқасидан бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи С.О. бошқарувидаги «Нексия» русумли ва яна 10 та турли русумдаги енгил автомобиль йўлнинг сирпанчиқлиги туфайли кетма-кетликда тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этишган.

Натижада, «Форд» ҳайдовчиси Т.Э, йўловчиси Ш.Қ., «Нексия» йўловчилари З.Х. ва Р.Ж. енгил даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилиб, сўнгра уйларига жавоб берилган.

Бундан ташқари, орадан тахминан 5 дақиқа вақт ўтиб, ҳодиса содир бўлган жойдан 300 метр орқада Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи Э.Б. «Нексия-2» русумли автомобилни «Қарши-Самарқанд» йўналишида бошқариб бораётиб, йўлнинг қатнов қисмидаги музамаликларни инобатга олмаганлигини натижасида шу йўналиш бўйлаб олдинда ҳаракатланиб бораётган Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи П.С. бошқарувидаги «Мерседес-Бенц» русумли юк автомобили ярим тиркамасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада «Нексия-2» ҳайдовчи Б.Э. «ўнг билак соҳасини синиши», йўловчиси Н.Х. «кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, қовурға суякларининг синиши» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шуниндек, йўловчилари Қ.Б. ва Р.Ч. енгил даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилишган, зарур тиббий ёрдамдан сўнг уйларига жавоб берилган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳеч ким вафот этмаган. Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.