Ўзбекистон Адлия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тайёрланиб муҳокама учун қўйилган «Тошкент шаҳри қабристонларида гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пуллик хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилаш тўғрисида"ги пойтахт ҳокими қарори лойиҳаси юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан ишлаш бўлими «Газета.uz»га маълум қилди.

Изоҳда қайд этилишича, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонун билан ушбу йўналишдаги асосий муносабатлар тартибга солинади. Хусусан, қонуннинг 4-моддасига асосан дафн этиш жойлари туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг бевосита тасарруфида бўлади.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддасида эса ҳокимлар ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча ташкилотлар ва аҳоли учун мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиши мумкинлиги белгиланган. Бундай тусдаги қарорлар лойиҳалари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Муҳокамага сабаб бўлаётган лойиҳада назарда тутилган ижтимоий муносабатни тартибга солиш ҳокимликлар зиммасига юкланган. Хусусан, ҳукуматнинг 2011 йил 4 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомда эса гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пулли хизматлар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни зарур даражада сақлаш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қабр қазиш ва маросим хизматлари бўйича ишчилар эса пулли хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан ойлик олишади.

Вазирлик ҳозирги вақтда ҳам барча ҳудудларда дафн этиш жойларидаги хизматлар ҳақи миқдори тегишли вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланган тарифлар бўйича ундирилишини таъкидлаб ўтди. Масалан, Самарқанд вилоят ҳокимининг 2019 йил 13 августдаги 213-қ-сон қарорига мувофиқ, катта ўлчамда мусулмонча қабр қазиш учун 84 964 сўм пул ундирилиши назарда тутилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 3 майдаги қарорига асосан катта ўлчамда мусулмонча қабр қазиш учун 92 000 сўм миқдорда пул ундирилиши белгиланган.

Таклиф этилаётган лойиҳа ҳудудий молия органи билан келишилган. Нархлар ойлик иш ҳақи, сарфланаётган материаллар қийматининг ошганлиги муносабати билан қайта кўриб чиқилмоқда, дейилади вазирлик изоҳида.

Маълумот учун, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарор лойиҳасида қабристонларда анъанавий мусулмонча гўр қазиш хизмати катта гўр учун 115 минг сўм, бошқа динга мансублар учун эса 90 минг сўм этиб белгиланган.