8 январь куни Андижон шаҳар маъмурий судининг очиқ суд мажлисида Андижон ҳокимияти матбуот хизмати раҳбари Гулшаной Қўчқорова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат) ва 41-моддаси (ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов «Газета.uz»га хабар қилди.

Ўтган йил охирида Human.uz сайти асосчиси Хуршид Далиев Гулшаной Қўчқорованинг хатти-ҳаракати юзасидан Андижон шаҳар ИИБга шикоят аризаси билан мурожаат қилган эди. Гулшаной Қўчқорова ҳокимиятнинг Telegram-каналида ўқувчиларни Хуршид Далиевнинг «Muxbir Daliyev» каналига кирмасликка чақириб, уни «хоин ва ғаламис» деб атаган. Шунингдек, журналистни тақиқланга «Ҳизб-ут-Таҳрир» террористик ташкилоти аъзоси ҳам деб уҳмат қилган. Бу сўзларга унинг фотосуратини илова қилган.

Суд қарорига кўра, Гулшаной Қўчқоровага МЖтКнинг 40-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги 5 575 000 сўм жарима жазоси, МЖтКнинг 41-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдоридаги 4 460 000 сўм жарима жазоси тайинланган. МЖтКнинг 34-моддасига асосан Гулшаной Қўчқоровага узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги 5 575 000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Жабрланувчи Хуршид Далиев маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, Гулшаной Қўчқорова ҳам Андижон вилоят ИИБ бошлиғини номига Хуршид Далиевнинг ҳаракатларидан норози бўлиб ариза ёзган. Суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатларида муҳокама этилмагани сабабли материалдан ажратилиб, тегишли тартибда қонуний баҳо бериш учун Андижон вилоят ИИБга юборилишини белгилади.