Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши жиноий иш бўйича терговни якунлади, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Тергов нафақат биринчи президентнинг қизига, балки жиноий уюшма таркибида товламачилик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва чет эл давлатларда жиноий даромадларини легаллаштириш каби жиноятларни содир этган «бошқа шахслар»га қарши ҳам ўтказилган.

«Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун айблов хулоса билан судга юборилди», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

2019 йил март ойидан буён Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-умумий тартибли колонияда сақлаб келинмоқда.

Август ойида Бош прокуратура унга қарши давлат маблағларини талон-тарож қилиш ҳамда Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган битимлар тузиш, шунингдек, жуда катта миқдордаги хорижий мулкни тортиб олиш билан боғлиқ жиноий иш қўзғатилганини эълон қилган эди.

Декабрь ойида эса назорат органи биринчи президентнинг қизига қарши «янги очилган ҳолатлар» ҳамда халқаро тузилмалар ва фуқаролардан келиб тушган «янги, олдинги терговларда қамраб олинмаган жиноятлар тўғрисида» хабарлар бўйича яна бир жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.