Келажакда мансабдор шахсларнинг жиноий фаолиятдан олган даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинади. Бу ҳақда 30 декабрь куни Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова жиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида айтиб ўтди.

«Лавозимни эгаллаган ҳар бир киши одамларга хизмат қилишни ўйласа, у қора курсида ўтирмайди. Прокуратурада ҳам, солиқ идораларида ҳам, божхонада ҳам, бошқа тузилмаларда ҳам бу ҳолатлар давлат учун обрў-эътибор келтирмади. Агар улар ўз ватани, халқи, давлати ҳақида бир оз бўлса ҳам ўйлашганда эди, бу жиноятни қилмаган бўлардилар», — деди бош прокурор ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, жиноят содир этган амалдорлар қандай вазиятга тушиб қолганларини кўрганларидан кейин «йиғлаб юборишган».

«Ушбу тизимда 40 йилдан кўпроқ вақт ишлаб келмоқдаман, [жиноят содир этган амалдорлар билан] суҳбатлашганман. Кўзларида ёш билан улар, агар улар қандай аҳволда бўлишларини билсалар, ҳеч қандай жиноят содир этмасликларини айтишган. Суд тизимидаги судьялар ҳам, прокурорлар ҳам йиғлашган», — деди у.

«Агар киши лавозимга киришишдан аввал бир ёки икки кун давомида колонияда ёки қамоқхонада бўлса ва камерани ҳидини ҳис этса, у ҳеч қачон жиноят содир қилмайди. Буни одамлар билишмайди», — деди Светлана Ортиқова.

Бош прокурор ўринбосари нима учун мансабдор шахслар ишлари бўйича суд маҳкамаларининг аксарияти ёпиқ эшиклар ортида ўтаётганлигини ва Жиноят кодексининг 263-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) тўғрисидаги маълумотлар ҳам маҳфий қолаётганлигини тушунтириб ўтди.

«Агар мансабдор шахсларнинг даромадларини легаллаштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон халқаро баҳолаш тизимида қизил рангда ёнади. Агар эртага (чет эллик) мутахассислар келса, ушбу комиссия раиси сифатида қандай жавоб бераман? Бу мени кўп ўйлашга мажбур қилади. Аммо мутасадди шахсларларнинг давлат сирлари билан боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган. Шунингдек, жиноятлардан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам ёпиқ эди. Бироқ келажакда бу масалалар ошкор қилинади. Буни комиссия аъзолари ҳам, экспертлар ҳам ва бутун жамият ҳам истайди», — дея таъкидлади Светлана Ортиқова.