Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими жарроҳи О. Қ.га беморнинг тоғаси томонидан тажовуз қилиниб, тикланиб бўлмас жароҳат етказилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Вазирлик ушбу вазиятни атрофлича ўрганди.

Дастлабки маълумотларга қараганда, 2020 йил 2 январь куни 18.30 ларда Наманган вилояти Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан вақтида ёрдам кўрсатилган. Бемор боланинг тоғаси, Фаровон МФЙ да яшовчи 1990 йил туғилган Б. Т. муолажа хонаси олдида жанжал кўтариб турган пайтда туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлими навбатчи жарроҳи, 1960 йил туғилган О. Қ. борган. Шундан сўнг у Б.Т.ни қўлидан етаклаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, зина олдидаги эшикка олиб борган ва ташқарига чиқариб, эшикни ёпади. Врач орқага қайтаётган пайтда Б. Т. эшикни тепиб, бузиб ичкарига киради ва навбатчи жарроҳга қўққисдан ўнг кўзи соҳасига кучли зарба беради.

Оқибатда О. Қўлдашевнинг ўнг кўз олмасини посттравматик ёрилиши кузатилган. Ушбу воқеа пайтида терапия бўлими навбатчи ҳамширалари ва хирургия пост навбатчи ҳамшираси ўша ерда бўлган. Шундан сўнг навбатчи врачга тан жароҳати етказган Б. Т. воқеа жойидан қочган. Ёлғиз қолган жабрланувчига терапия бўлимида даволанаётган бемор Д. И. қонаётган соҳага пахта қўйиб ёрдам кўрсатган. Бўлим навбатчи фарроши реанимация бўлимидаги навбатчи врачларни чақирган.

Жабрланувчи боғлов хонасига олиб кирилган ва шошилинч равишда окулист З. Валиев чақирилган ҳамда «102» навбатчилик қисмига хабар берилган. Окулист томонидан бемор кўрилган ва бирламчи тиббий ёрдам берилиб, тез ёрдам авиацияга хабар берилган. Бемор зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига етказилган. Бу ерда шифокорлар томонидан зудлик билан текширувдан ўтказилиб, «Ёпиқ калла бош мия жароҳати. Ўнг кўз олмасининг травматик катта ёрилиши, кўз гавҳарини чиқиши» дастлабки ташхиси билан ётқизилган. Ва,шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоятга тажрибали мутахассислар юборилган.

Жорий йил 3 январь тонгда, соат 05:00да шошилинч равишда Республика ихтисослаштирилган кўз касалликлари шифохонаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова ва бўлим шифокори Асқар Ҳусанов томонидан бемордаги ўнг кўз олмаси шакли бузилиши ва юмшоқ тўқималар шикастланишига бирламчи мураккаб хирургик ишлов бериш операцияси ўтказилган.

Айни пайтда тажрибали шифокорлар томонидан беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бироқ жабрланувчи шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган.

«Афсуски, беморнинг яқинлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз ва таҳдид қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар кундан кунга кўпайиш билан бирга уларнинг зўровонликлари шифокорларнинг соғлиғини қайта тиклаб бўлмас даражасигача ҳам етишига сабаб бўлмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритган ва у биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йилда янгидан шаклланаётган парламент билан ҳамкорликда ишлаб, тиббиёт ходимларига фуқаролар томонидан мунтазам давом этаётган бундай тажовуз қилиш ҳолатларига нисбатан жазо чораларини кучайтиришга қаратилган ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиниши учун қатъий ҳаракат қилади, дейилади хабарда.

Вазирлик фуқаролардан ҳам шифокорлар меҳнатини қадрлашни ўзларининг виждоний бурчлари деб билишлари ва бу борада қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қатъий жамоатчилик назоратини ўрнатишга ўз ҳиссаларини қўшишга чақирди.