Германиянинг Кил шаҳри яқинидаги фермер хўжаликларидан бирида шартнома асосида амалиёт ўтаётган Ўзбекистон фуқароси Р. Х. 27 декабрь куни баландликдан қулаб тушиб вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати мамлакатнинг ГФРдаги элчихонаси берган маълумотга таяниб хабар қилди. Р. Х. ўтган йилнинг октабрь ойидан бошлаб Германиядаги PRAXX жамиятининг махсус дастури доирасида малака ошираётган эди.

Хабарда қайд этилишича, маҳаллий полиция ҳодиса юзасидан текширув ўтказиб, бахтсиз ҳодиса юз берганини тасдиқлаган.

31 декабрь куни Ўзбекистон фуқароси Н.Х. ТИВ Консуллик бўлимига мурожаат қилиб, жияни Р.Х.нинг бахтсиз воқеа оқибатида фожеали ҳалок бўлганини хабар берган.

Элчихонанинг Консуллик бўлими қариндошлар ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга жўнатишга оид консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этди ва Германия (Берлин, Бранденбург, Бремен, Қуйи Саксония, Гамбург, Мекленбург-Олд Померания, Саксония, Саксония-Анҳалт, Шлезвиг-Ҳолштайн, Турингия), Швеция, Швейцария ва Чехия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасига +49−30−39−40−98−55, +49−30−39−40−98−30 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.