2 январь куни соат 16:40 ларда Фарғона шаҳридаги Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида фавқулодда вазият юзага келиши бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлди, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Booster Max аттрациони ишлаётганда, конструкциянинг чап томонида болтлар билан қотирилган парчаси ечилиб кетиб, Тошлоқ туманида яшовчи 32 ёшли Н. Юнинг бошига тушган. (видео)

Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у вафот этди.

Фарғона прокуратураси ушбу ҳолат бўйича дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Booster Max аттрациони паркка 2019 йил декабрь ойида ўрнатилган.

Сентябрда 2001 йилда туғилган қиз Эля Х. Намангандаги маданият ва истироҳат боғида Spin Block аттракционида синовдан ўтказиш вақтида вафот этган эди.

Ёзда эса Жиззах шаҳридаги «Истиқлол» болалар боғида 1999 йилда туғилган қиз аттракцион қулаб тушиши туфайли ҳаётдан кўз юмган эди. Ушбу воқеадан кейин Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мамлакат бўйлаб 1845 та аттракционни синовдан ўтказди. Уларнинг 1292 тасида техник паспорти мавжуд эмаслиги. 1106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқлиги ва 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмаслиги аниқланган эди.