Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Солиқ кодекси (янги таҳрирда) амалга киритилиши ҳақида хабар берди. Шу муносабат билан, юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига киритилган асосий ўзгаришларни санаб ўтди. Солиқ кодексининг электрон нусхаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси сайтлари ҳамда Telegram-каналларида жойлаштирилган.

Солиқ кодексини (янги таҳрирда) қабул қилиниши муносабати билан солиқ ҳисоботларининг янги шакллари ишлаб чиқилади. Солиқ ҳисоботи шакллари Ўзбекистон Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг барча солиқ тўловчиларга етказилади.

Акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари, мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдори, маҳаллий йиғимларнинг чегаравий стакалари, автотранспорт воситаларини сотиб олинганда ва (ёки) вақтинчалик олиб кирилганда ички ишлар органларида уларни рўйхатдан ўтказганлик учун автотранспорт воситалари эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар ва хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кириши ва ҳудуддан транзит ўтиши учун йиғимлар ставкалари 2019 йил 9 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдаги Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун билан тасдиқланган.

Ер солиғи бўйича 2020 йил учун солиқ ҳисоботи қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар қисми бўйича 2019 йилда амалдаги шакллар бўйича ер участкаси жойлашган жойидаги солиқ органларига тақдим этилади. Мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг 2020 йил учун ҳисобланадиган суммаси тўғрисидаги ҳисобот 2019 йилда амалда бўлган шаклда тақдим этилади. 2019 йил учун солиқ ҳисоб-китоблари Солиқ кодексининг янги таҳририда назарда тутилган муддатларда 2019 йилда амал қилган шакл ва тартибда тақдим этилади.

Солиқ қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлди?

Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига — айланмадан солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига — жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда, қатъий белгиланган миқдорда солиқ жорий этилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:

  • 2007 йил 25 декабрдаги қонун билан тасдиқланган Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;
  • Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.

Солиқ кодекси таркибидан давлат божи, товарларнинг айрим турларини (алкоголли ичимликлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўлимлари чиқарилди, улар «Давлат божи тўғрисида» ги алоҳида қонунда назарда тутилади.

Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан «Ер қаъри тўғрисида» ги қонунга ўтказилади.

Солиқ тўловчилар 2020 йил 1 апрелгача 2020 йил учун солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари шарт. Солиқ мақсадлари учун ҳисоб-китоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда ихтиёрий шаклда белгиланади ва раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади.

Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:

  • бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:
    • умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса) — юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;
    • айланмадан солиқни (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда), шунингдек юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;
  • концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда. Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошганда) киритилади. Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди;
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланган. 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт. Солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин. Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг алоҳида операторлари 2020 йил бошида ўз хизматларини бепул тақдим этадилар.

Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлга қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар. Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Молия вазирлиги билан биргаликда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг, шу жумладан уларни қоғозда расмийлаштириш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, янги тартиби етказилади. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш тартиби ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилганига қадар солиқ тўловчилар 2019 йилда амалда бўлган тартибни қўллашлари керак (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь). Шунга ўхшаш тартиб онлайн касса аппаратларидан фойдаланишда ҳам қўлланилади.

Солиқ маъмуриятчилиги масалалари.

Солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторидан олинадиган суммага қаратиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизларни ҳисобга олган ҳолда қайтарилади. Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилмоқда. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилади.

Солиқ органларига риск-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби назарда тутилган. Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Солиқ кодексида назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши мумкин. Хусусан, Солиқ кодекси солиқ текширувларининг қуйидаги турларини назарда тутади:

1. Камерал солиқ текшируви (солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштириш), унинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак. Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар, қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин;

2. Сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш), унинг мақсади фактларни қайд этишдан иборат. Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди.

3. Солиқ аудити — катта ҳажмдаги оборотларда юқори даражада рискка эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганиш. Солиқ аудити солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи омилларини таҳлил қилиш асосида танланган солиқ тўловчиларда ўтказилади. Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, қуйидагича тартиб жорий этилади, унга мувофиқ 2022 йил 1 январгача давлат солиқ хизмати органлари солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қиладилар.

Солиқ низоларини судгача ҳал этиш тартиби аниқлаштирилган, шунингдек солиқ ҳуқуқбузарлиги туридан келиб чиқиб, жавобгарлик чоралари белгиланган. Бунда, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади.

Солиқ кодексида қуйидагилар кўзда тутилган:

  • солиқларни тўлашни таъминловчи янги воситалар, шунингдек коллегиал органлар (комиссиялар)нинг иштирокисиз пуллик асосда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибини киритилиши;
  • солиқ солишдан бўйин товлашга қарши нормаларни, шу жумладан «битимларни қайта квалификациялаш», «сохта битимларни» бекор қилиш, фирибгарлик битимлари бўйича чегирмаларни тақдим этмасликни белгилаш;

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида 2020 йил 1 январдан бошлаб имтиёзлар фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланмоқда. Бунда, айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари, Ўзбекистон президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмас.

Трансферт нархларни белгилаш, назорат қилинадиган чет эл компаниялар, солиқ тўловчиларнинг қонсолидация гуруҳларининг фойдасини солиққа тортиш 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради ҳамда улар бўйича доимий равишда маълумотлар чоп этилиб борилади.