4 январь куни андижонлик Facebook-фаоли Абдуфатто Нуритдиновга (Отабек Нуритдинов номи билан маълум) оид маъмурий ишни кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзА Ўзбекистон Олий суди маълумотига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, 2020 йил 3 январь куни Абдуфатто Нуриддинов томонидан Андижон вилояти маъмурий судига шу суднинг 2019 йил 30 декабрдаги қарори устидан кассация тартибида шикоят келтирилган. Ушбу шикоят асосида Абдуфатто Нуриддиновга оид маъмурий иш вилоят судининг кассация инстанциясида кўриш учун расмийлаштирилди.

Мазкур маъмурий ишни кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси 4 январь куни соат 11.00 га тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безорилик айблари билан жаримага тортилиб, 15 суткага қамоққа олинган эди. Унинг устидан Андижон вилоятининг Асака тумани ҳокими, тумандаги мактаблар директорлари ва вилоят ХТБ бошлиғи шикоят қилган. Бундан ташқари, туман сув таъминоти корхонаси раҳбари Боҳодир Қаххоров ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 30 декабрь куни соат 10:30 атрофида жамоатчилик олдида номаъқул сўзлар билан уни ҳақорат қилган Нуритдиновга нисбатан чоралар кўришни сўраган.

Суд шу куни қарор чиқарди. Жазони ўташ муддати 30 декабрь куни соат 19: 45дан бошлаб ҳисобланади, деб аниқлик киритди «Газета.uz»га Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Аввалроқ АОКА раҳбари Комил Алламжонов Абдуфатто Нуриддиновнинг қамоққа олинганига изоҳ берар экан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш нормасини тезроқ бекор қилиш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, АОКА раҳбари агентлик фуқаро Абдуфатто Нуритдинов билан боғлиқ суд қарорига таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслигини қайд этиб ўтди. «Айбдор томон суд қароридан норози бўлса, кассация тартибида юқори турувчи суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин», — деди у.

Декабрда президент Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур қарор қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан олқишланди.