Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади. Табрида давлат раҳбари 2019 йил янги Ўзбекистон тарихида ҳар томонлама ёрқин из қолдирганини таъкидлади.

«Ўтиб бораётган йил мамлакатимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Турли қийинчилик ва синовларни ҳам бошимиздан кечирдик. Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да улкан ютуқларга эришдик. Мамлакатимиз салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилди», — деди президент. У эришилган энг муҳим ютуқларни қисқача санаб ўтди.

Энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучаймоқда, — деди президент. — Жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топмоқда".

«Биз миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўймоқдамиз, — дея давом эттирди Шавкат Мирзиёев. — 2020 йилда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларимизни фаол давом эттирамиз».

Хусусий мулк, тадбиркорлик ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратамиз. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни, аҳоли реал даромадларини кўпайтириш эътиборимиз марказида бўлади, дея таъкидлади президент.

«Одамларимизнинг яшаш шароитини, коммунал-маиший хизмат сифатини яхшилаш, арзон ва қулай уй-жойлар қуриш бўйича бошлаган ишларимизни янада кенгайтирамиз. Фарзандларимизга муносиб таълим ва тарбия беришга, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», — деди у.

Давлат раҳбари 2020 йилда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилишини таъкидлади. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож фуқароларни доимий қўллаб-қувватлашга биринчи даражали аҳамият берилишини маълум қилди.

«Тинчлик ва барқарорликни, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳилликни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади. Бу борада дунё ҳамжамияти, аввало, ён қўшниларимиз билан самарали ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтирамиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.