Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари бугун эришилган натижалар ҳали марра эмаслиги, олдимизда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий қудратини ошириш, имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун 2020 йил синов йили бўлишини таъкидлади.

Йиғилишда 2019 йилда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, 2020 йилга белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, масъул ижрочилар ва муддатларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бевосита жойларга бориб, уларнинг ижросини ташкил қилиш ва доимий назоратни таъминлаш кераклиги айтиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамаси ижро ҳокимияти фаолиятини самарали ташкил этиб, ҳар бир вазирлик, давлат қўмитаси ва бошқа идораларнинг 2020 йил ҳар чораги учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, ижросини қатъий назоратга олиши зарурлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, божхона соҳасини ислоҳ қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳаларни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Йиғилишда белгиланган топшириқларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун барча раҳбарлар ўз тизимида пастга тушиб, ходимлар ва ресурсларни максимал даражада сафарбар қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.