Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг 24 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этмаганлиги ҳолатини ўрганиб чиқди, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Мазкур мажлисда умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинган эди.

Мажлисда соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур масала юзасидан ахборот бериши кўзда тутилган бўлишига қарамасдан, на вазир, на унинг ўринбосари иштирок этмаган. Сенат Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг расмий хати Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилганини маълум қилди.

25 декабрь куни Бош прокуратурада соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия мажлисида Алишер Шодмонов Сенат Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида иштирок этиш учун ёзма таклиф келиб тушмаганлигини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур хатти-ҳаракатлари ва вазирликдаги ижро интизомини кучайтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли хат юборилди.

Сенат хабарида қайд этилишича, соғлиқни сақлаш вазирига вазирликда ижро интизоми тизимли йўлга қўйилмаганлиги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг мурожаатига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижро интизоми бузилишига йўл қўйган масъул ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, Сенат, Бош прокуратура раҳбарияти ҳамда президент маслаҳатчиси танқидларидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилни коррупцияга қарши курашиш йили деб эълон қилди.