30 декабрь куни Тошкент ҳокимининг «Тошкент шаҳри кўчаларида автотранспорт ҳаракатини тартибга солиш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди, дея хабар берди пойтахт маъмурияти матбуот хизмати.

Унга кўра Янги йил байрами муносабати билан 2019 йил 31 декабрь, 2020 йил 1−2 январь кунлари Тошкент шаҳрининг марказий ва асосий кўчаларида ташкил этиладиган янги йил байрами маданий тадбирлари ўтказиладиган кўчаларда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида юк автомобиллари (юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк ташувчи автомобиллар)нинг ҳаракати вақтинча тўхтатилади (озиқ-овқат маҳсулотлари ташувчи юк автомобиллари бундан мустасно).

Янги йил байрами муносабати билан дам олиш кунларида оғир юк автомобиллари Тошкент халқа автомобиль йўли ва бошқа айланма йўллар бўйлаб ҳаракатланиши мумкин.

Шунингдек, байрам муносабати билан белгиланган дам олиш кунларида шаҳар кўчаларида қурилиш, таъмирлаш, ер ости муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш ишлари (фавқулодда ва авария ҳолатларидан ташқари) вақтинча тўхтатилади.