Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига ёшлар ўртасида жиноятчилик даражасини пасайтириш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув чоғида маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Ёшлар Иттифоқи ҳудудий кенгашларининг кафолат хатига асосан судларда биринчи марта жазо турини енгиллаштиришга қаратилган янги механизм жорий этилди.

Сўнгги 2 йилда адашиб, хато йўлга кирган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 620 нафар ёшларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланди.

2018 йилнинг январь-ноябрь ойларида содир этилган жами жиноятларда ёшлар улуши 28,9 фоизни (42784 тадан 12388 та) ташкил этди. Жорий йилнинг худди шу даврида, гарчи жиноятчилик даражаси камайган бўлишига қармасдан, бу кўрсаткич 34,6 фоизга ўсган (33 мингдан зиёдроқ ичида 11,5 минг).

Шавкат Мирзиёев ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ёшлар жиноятчилиги даражасининг камайиши учун шахсан жавоб беришини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, икки йил муқаддам ҳудудий ички ишлар органларида ёшлар масалалари бўйича бошлиқ ўринбосарлари лавозимлари жорий этилган эди. «Бироқ биз кутган натижалар ҳозирча бўлаётгани йўқ», — деди президент.

«Минг афсуски, жойларда ушбу тузилмалар, Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия (раиси ҳокимлар), Ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, Ёшлар иттифоқи, Маҳалла кенгашлари ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ўртасида яхлит бир ҳамжиҳатлик шаклланмаган», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари икки ой муддатда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш, барча давлат органлари ва жамоатчилик вакиллари билан амалий ҳамкорликни кескин кучайтириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрлашни топширди.

Бундан ташқари, бир ой муддатда ёшлар орасида салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий спорт ва ватанпарварлик тарбиясининг ролини оширишга қаратилган «Соғлом болалик» йиллик дастури ишлаб чиқиш ва тўлиқ амалга ошириш юклатилди.