Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов блогер Нафосат Оллашукурова Хоразм вилоятидаги руҳий касалликлар диспансеридан озодликка чиқиб, Тошкентдаги уйига қайтаётганини маълум қилди.

«Бугун руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блоггер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади», — деб ёзди у.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги блогернинг озод қилинганини тасдиқлади. «Эндиликда унинг муолажалари ниҳоясига етди ва у янги йилни ота-онаси ҳамда фарзандлари бағрида кутиб олиши учун барча шароит яратилди», — дейилади АОКА хабарида.

Блогер Нафосат Оллашукурова (Facebook`да — Shabnam Olloshkurova) 23 сентябрь куни ўз қариндошлари билан Тошкентга пиёда йўлга чиққан журналист Маҳмуд Ражаб билан биргаликда 10 кун муддатга маъмурий қамоққа ҳукм қилинган эди. Кейинроқ суд қарори билан руҳий касалликлар диспансерига жойлаштирилди.

26 сентябрда Нафосат Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилган. Психиатрнинг тавсияси билан у Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Маҳмуд Ражабов 10 кун ҳибсда бўлганидан кейин қўйиб юборилган. 18 октябрь куни суд уни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатишда ва контрабанда билан шуғулланганликда айбдор деб топди ҳамда уни 2,5 йил синов муддати билан 5,5 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.