Беш нафар Камерун фуқаросига нисбатан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Тергов маълумотларига кўра, камерунликлар ўз ватанларида туриб ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон фуқаролари билан танишиб, уларнинг моддий аҳволи, фаолият турлари билан танишиб, ўзларини худди шу соҳада инвестор сифатида таништирадилар. Сўнгра улар Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келиб, аввал танишган шахслар билан учрашади. Ушбу фуқароларга камерунликлар Ўзбекистонга 2 миллиондан 10 миллион долларгача миқдорида 100 долларлик купюраларни олиб киришлари, бироқ бу пуллар божхона хизматининг диққатини тортмаслиги учун қора ва оқ бўёқ билан бўялганини маълум қилади.

Камерун фуқаролари купюраларни дастлабки ҳолатига қайтариш учун махсус кукун лозимлигини айтади. Улар кимёвий модда сотиб олиш учун сарфланган ҳар 100 доллар учун 300 доллар қайтаришга ваъда беради. Шундай қилиб, гумонланувчилар ўзбекистонликларнинг ишончига кириб, 340 минг долларга эга чиқади.

Октябрь ойида Тергов департаменти томонидан Камерун фуқароларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Тергов вақтида чет эл фуқароларининг фирибгарликдан ташқари, кўп миқдордаги сохта пулларни сотишда ҳам гумонланаётгани ҳам аниқланди.

Уларнинг уч нафари — К.Х., Б.П. ва Т.С. Жиноят кодексининг 176-модда 3-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдорда қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ҳамда 168-модда 3-қисми «а, б» бандлари (фирибгарлик кўп миқдорда; такроран) бўйича айбланмоқда.

Фуқаро Т.Р.га 168-модда 3-қисми «а, б» бандлари (фирибгарлик кўп миқдорда такроран) бўйича айбланмоқда. Ишнинг бешинчи иштирокчиси Ж.Ф.га эса 168-модда 4-қисми «а» бандига (фирибгарлик, катта миқдорда) биноан айблов эълон қилинди. Ҳозир уларнинг барчаси қамоққа олинган.