Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Мамлакатда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди.

Глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, президент маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг «Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир», деган сўзларини ёдга олди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Ўтган йили Ўзбекистонда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилган эди. Давлат раҳбари ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббуси йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўсиб келаётган авлод аудиториясига йўналтирилган теле- ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, «Ёшлар медиа холдинги» ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди.

«Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади», — дея таъкидлади президент.