Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи йил бошидан буён 4,2 млрд доллар ёки 24 фоизга ўсиб, 1 октябрь ҳолатида 21,5 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати маълум қилди.

Жами ташқи қарзнинг 13,8 млрд доллари давлат секторининг қарзлари, 7,7 млрд доллари эса хусусий ташқи қарз ҳисобланади.

Ўзбекистон тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига ташқи қарздорликларнинг ортиши, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг жалб қилиниши ҳамда улар бўйича «йиғилиб қолган» мажбуриятларнинг сўндирилиши ва келиб тушаётган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиши каби омиллар ўз таъсирини ўтказди, дейилади хабарда.

Юқорида келтирилган омилларнинг таъсири остида тўлов балансининг жорий ҳисоби 1,4 млрд долларга тенг дефицитни кўрсатди. Бунда, савдо баланси ва халқаро хизматларнинг манфий сальдоси (6,1 млрд долл.) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг мусбат сальдоси (4,7 млрд доллар) билан қисман қопланди.

Шу билан бирга, молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси резидентлар молиявий мажбуриятларининг кўпайиши (6,1 млрд долл.), шунингдек резидентлар томонидан молиявий активларнинг сотиб олиниши (1,3 млрд долл.) натижасида 4,8 млрд долларни ташкил қилди. Бунда, резерв активлари 662 млн долларга кўпайди.

Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси 1 октябрда 13,7 млрд долларни ташкил қилди. Бунда, қолган мамлакатларга нисбатан давлат бошқаруви ва банк секторлари «соф кредиторлар», бошқа секторлар эса «соф қарздорлар» ҳисобланади.