Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони томонидан берилган топшириққа мувофиқ, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда ҳарбий қисм қайта ташкил этилиб, янги замонавий ҳарбий шаҳарчада жойлаштирилган эди.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароитлар, ўқув-тарбия жараёни, замонавий таълим воситалари, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари қай даражада жорий этилгани билан танишди.

Ташриф чоғида ҳарбий хизматчилар, вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарияти, техника йўналишидаги етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан суҳбат бўлиб ўтди. Ҳарбий таълимни ривожлантириш, алоқа бўйича ҳарбий мутахассисларни саралаш ва тайёрлашнинг кенг кўламли тизимини йўлга қўйиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чоралар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёевга ҳарбий қисмда амалга оширилган қурилиш ишлари, мудофаа тизимида алоқа тармоқларини модернизация қилиш, жанговар ва ўқув тайёргарлик жараёнларини автоматлаштириш бўйича лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.

Президент ҳарбий қисм ихтиёридаги махсус техника ва алоқа воситаларининг намуналари билан танишди.