Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси парламент Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларда иштирок этган халқаро кузатувчиларнинг хулосалари ва тавсиялари ҳисобга олади ҳамда бу соҳада мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилди.

Сайловни деярли 140 минг маҳаллий ва 800 дан ортиқ халқаро кузатувчилар, шунингдек, МДҲ, ШҲТ ва ЕХҲТ каби 10 та ташкилот кузатиб борди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) биринчи маротаба қарийб 300 кишидан иборат кенг кўламли миссияни, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ПА) ҳам илк бор ўз кузатувчиларини Ўзбекистондаги парламент сайловларига юборди.

«Марказий сайлов комиссияси тўла масъулият билан маълум қиладики, халқаро кузатувчиларнинг хулосалари ва тавсиялари Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган режали ва изчил ишларнинг асосидан жой олади, шунингдек, ушбу соҳада барча манфаатдор томонлар билан амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр», — дейилади баёнотда.

МСКнинг хабар беришича, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича халқаро миссиясининг дастлабки натижалар ва хулосаларга оид баёнотида шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз овоз бериш, «бир кишининг бутун оила учун овоз бериши», овозларни санаб чиқишдаги айрим қоидабузарликлар, хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини яна кенгайтириш зарурати, депутатликка мустақил номзодларнинг йўқлиги ва фуқаролик жамияти институтларига сайловларни кузатиб бориш имконияти берилмаганлиги борасида аниқланган айрим ҳолатлар ҳам кўрсатиб ўтилган.

«Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайловларнинг натижаларини, шунингдек, халқаро ва хорижлик кузатувчиларнинг баёнотларини сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, баён этилган хулосалар ва тавсияларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун синчиклаб ўрганишга ва уларнинг чуқур таҳлилини ўтказишга киришди», — дея қайд этилди баёнотда.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайловларнинг якунлари бўйича фикр алмашиш, энг муҳим тавсияларни ва уларни амалга ошириш йўлларини кўриб чиқиш учун 2020 йилнинг иккинчи чорагида миллий ва халқаро даражадаги барча манфаатдор ташкилотлар иштирокида халқаро конференция ўтказишга қарор қабул қилди.

Аввалроқ, Марказий Сайлов Комиссияси сайловлар 150 та сайлов округининг 128 тасида бўлиб ўтган деб тан олингани, аммо кейинчалик 2020 йил 5 январда қайта сайловлар ўтказиладиган сайлов округлари сони қўлда қайта санашдаги хатолар сабабли 22 дан 25 гача кўпайганини маълум қилган эди. Сайловга келганлар 67,8 фоизни ёки 13 миллион 963 минг 627 кишини ташкил этди. Дастлабки маълумотларга кўра, ЎзЛиДеП етакчилик қилмоқда — ҳозирги пайтда ушбу партиядан 42 номзод парламентга ўтди.