Ўзбекистон президенти баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 25 декабрь куни «Халқ сўзи» нашрида эълон қилинди ва худди шу кундан кучга кирди.

«Прокуратура тўғрисида"ги қонуннинг 49-моддасига кўра, ҳозирда прокуратура органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарлик ва интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилади. Янги таҳрирда эса сўнгги банд бекор қилинди — эндиликда прокуратура ходимларини маъмурий жавобгарликка тортишда раҳбариятнинг рухсати талаб қилинмайди.

«Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонуннинг 37-моддасидан (Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг дахлсизлик кафолатлари) Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари тегишинча ДХХ раисининг, ДХХнинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқларининг розилиги билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини кўзда тутган банди бекор қилинди.

Аввал хабар қилганимиздек, Прокуратура ходимлари дахлсизлигини чеклаш Президент администрацияси топшириғида, ДХХ ҳарбий хизматчилари учун эса — президент Шавкат Мирзиёев топшириғида кўзда тутилган. 14 декабрь куни мазкур қонунни маъқуллаган сенаторлар ушбу ўзгаришлар прокуратура ва ДХХ ходимларининг масъулиятини оширишга қаратилганини таъкидлаган эди.