22 декабрдаги парламент сайловлари такомиллашган қонунчилик асосида ва мустақил фикрга кўпроқ толерантлик асносида ўтказилди, аммо уларда ҳақиқий рақобат ва сайлов куни қоидаларига тўлиқ ҳурмат кузатилмади. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси президенти, ЕХҲТнинг сайловларни қисқа муддатли кузатув миссиясини бошқарган Георгий Церетели маълум қилди.

Душанба куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда ЕХҲТ ПА томонидан ташкил этилган сайловни кузатиш бўйича миссия Тошкентда бўлиб ўтган сайловларнинг ЕХҲТ доирасидаги Ўзбекистон мажбуриятлари, демократик сайловлар бўйича халқаро мажбуриятлар ва стандартларга, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлиги мониторингининг дастлабки хулосаларини тақдим этди.

«Мамлакат муҳим бир босқични босиб ўтди. Ўзбекистон расмийлари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ушбу сайловларга ҳаққоний ва тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди», — деди Георгий Церетели. У сиёсий раҳбарлар, амалдорлар ва оддий фуқароларнинг мамлакатдаги демократик жараёнларни такомиллаштиришдан манфаатдорлигини қайд этди.

«Мен турли жойларда ёш ва кекса сайловчиларнинг номзодлар ва уларнинг платформалари тўғрисидаги маълумотларга эга плакатларни синчковлик билан ўрганиш учун 10−15 дақиқа ёки ҳатто ярим соат вақт сарфлаганларини кўрдим. Бундай иштирок этиш ва қизиқиш даражаси илҳомлантиради», — деди ЕХҲТ ПА раҳбари.

Шу билан бирга, овоз бериш жараёнида бошқаларга овоз бериш, сайлов қутиларини тўлдириш ва овозларни санаб чиқишда асосий тартибларга аҳамият бермаслик каби кўплаб қонунбузарликлар қайд этилди, деди Георгий Церетели. У буни воз кечиш керак бўлган «эски носоғлом одатлар ва одатий хатти-ҳаракатлар» билан боғлади.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

ЕХҲТ ПА миссияси раиси Кари Хенриксен: «Шубҳасиз, мамлакат ўзгариб бормоқда. Табиийки, ўзгаришлар бир кечада рўй бермайди. Демократлаштириш вақт талаб этади, бу оғир иш ва чексиз жараён. Энг муҳими, ўзгаришларни ва аниқ чораларни киритиш учун сиёсий ирода талаб қилади. Аммо бунга арзийди», — деди.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Тана де Зулуета эса сайловлар олдидан Ўзбекистонда иккита муҳим ўзгаришлар рўй берганини қайд этиб ўтди. Биринчидан, бу ташкилот ва ҳокимият ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқатнинг юқори даражасидир, унинг давомида ЕХҲТнинг сайлов қонунчилиги бўйича кўплаб тавсиялари инобатга олиниб, уни халқаро стандартларга яқинлаштирди. Иккинчи муҳим нуқта — «сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича улкан режа».

У учинчи муҳим ҳолатни қўшиб қўйди: «Бу атмосфера. Мен 2015 йилги сайловларни кузатгандим ва ҳа, энди бу бутунлай бошқа мамлакат… Аввало, янги сўз эркинлиги ҳамда макон, жумладан одамлар ўз фикрларини билдириб, интернетда эълон қиладиган блоглар шарофати билан».

Ушбу ижобий ўзгаришлар манзарасида «сайлов кунида жиддий қонунбузарликлар кузатилгани умидсизликни уйғотди», деб тан олди Тана де Зулуета.

Қайд этилган камчиликларни ҳисобга олган ҳолда, ОАВ сайловларнинг иккинчи босқичида ҳалоллик ва ошкораликни назорат қилиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги шарт, деди у.

Унинг фикрича, фуқаролар сайлов жараёнида бевосита алоқадор эканликларини ҳис қилишлари керак. «Овозларни ҳисоблаш пайтида сиёсий партиялар вакиллари овоз бериш натижаларига бефарқ бўлиб қолишганидан жуда ҳайрон бўлдим. Бу жараёнга алоқадорлик ҳислари йўқ эди», — деди миссия раҳбари.

Сайлов куни 37 давлатдан 316 кузатувчи иштирок этди, шу жумладан 271 нафар ДИИҲБ узоқ ва қисқа муддатли кузатувчилари ва ЕХҲТ ПА 45 кишилик делегацияси. Миссия аъзолари ЕХҲТга аъзо бўлган 17 та мамлакат вакилларидан йиғилган. Сайловларни кузатиш халқаро миссияси 134 сайлов участкасида очилиш жараёнини кузатди, 1270 та сайлов участкасида сайлов жараёнини кузатди, Овозларни санаб чиқиш жараёни 125 участка сайлов комиссиясида кузатилди, сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёни 94 округ сайлов комиссиясида кузатилди. Бундай қамров жараён ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиш, қоидабузарликларнинг топологиясини аниқлашга ва маълумотларни бутун мамлакатга экстраполяция қилишга имкон беради, деди Георгий Церетели.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Сайлов жараёни кузатилган 14 фоиз сайлов участкаларида салбий баҳоланди. Сайлов тинч муҳитда ўтди, лекин жиддий қоидабузарликлар жараёнга раҳна солди. Хусусан, сайловчиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатсиз сайлаш имкони берилди, кўпгина одамлар бир нечта бюллетенни тўлдириб бошқалар номидан овоз берди, сайловчилар сайлов куни тегишли талабларга риоя қилинмай рўйхатга олинди.

Сайловчилар овозини санаш 42 фоиз ҳисоботларда салбий баҳоланди. Кузатув олиб борилган сайлов участкаларининг деярли ярмисида, УСКлар тартибга риоя қилмади ва кўпгина УСКлар якуний баённомадаги маълумотларни мувофиқлаштиришда қийналди. Бир қатор сайлов участкаларида УСКлар бўш якуний баённомани олдиндан имзолаб қўйган, баъзи кузатувчилар сайловчилар рўйхати ва баённомага киритилган маълумотлар сохталаштирилганлиги ҳақида хабар берди.

Кузатувчилар кузатган 105 УСКдан 15 тасида йўл қўйилган жиддий процесуал хато ва камчиликлар ҳақида хабар берилди. Кўпгина УСК баённомалари, аксарият ҳолларда расмий қарорсиз, ОСК биносида ўзгартирилган ёки тўлдирилган. СКМ кузатувчиларига сайлов жараёнининг барча даражасида эркин кузатиш имконияти берилди.

Миссия хулосаларида қайд этилишича, парламент сайловида ҳақиқий рақобат кузатилмади. Кампания очиқ тарзда ўтсада, МСК қарорлари сайлов кампаниясининг қолиплашган, ўта муфассал қонуний базасини яратган. Сайловолди кампанияси ОАВдан ташқарига деярли чиқмади, партиялар сайловолди тарғибот фаолиятини ўзлари ташкиллаштирганига далиллар камроқ кузатилди. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари кўпинча сайлов маъмурияти ташкил этган учрашувлар билан кифояланган. Тенг имконият ва молиялаштириш талабини тор талқин этиш натижасида партия ва номзодлар ўзларига ҳос индивидуал кампания стратегиясини белгилашда қийналди. Шунга қарамай, партиялар сайлов кампаниясидаги имкониятларни қониқарли деб топган ва ўз рақиблари билан ҳақиқий рақобатга киришмади.

Бешта сиёсий партия раислари ДИИҲБ СКМ билан сухбатда кампанияни олиб бориш ва уни молиялаштириш борасидаги қоидалар чекловчи эмас, аксинча қулайликлар яратувчи эканлигини таъкидлаган. Уларнинг ҳеч қайсиси, имконият бўлганда, кампанияни бошқача ўтказиши мумкинлигига ишора қилмаган. Унчалик қизғин бўлмаган сайловолди кампанияси билан бир қаторда бу факт партиялар ҳаққоний рақобатга киришиш нияти ҳақида саволлар туғдиради, дейилади баёнотда.

Сайловолди кампанияси фақатгина тор доираларда қизиқиш уйғотган кўринади, МСК ҳатто партияларга сайловолди ташвиқотини шиддатлироқ олиб боришга ундаган. Баъзи бир истиснолардан ташқари, партиялар ўзининг анаънавий электоратидан бошқа ижтимоий гуруҳларга мурожаат қилмагандек туюлди, дея қайд этди ДИИҲБ.

Умуман олганда, номзодлар ўз рақибларининг сиёсий платформасини танқид қилмади. Асосий эътибор ижтимоий ҳимоя ва таъминот, иқтисодий ривожланиш мавзуларига қаратилган. Барча партиялар президент сиёсати ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлашига бот-бот урғу берган. Бунинг натижасида, сайлов кампаниясида рақобат кузатилмади, сайловчиларга бир-биридан деярли фарқ қилмайдиган сиёсий қарашлар тақдим этилган ва бу сайловчиларнинг танловини чеклаган.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси баёноти матни ўзбек ва рус тилларида