Маданият вазирлиги 18 декабрь куни Тошкентдаги Humo Arena муз саройида Филипп Киркоровнинг катта шоу концерт дастурида ижро этилган рақслардаги раққос ва раққосаларнинг кийиниш маданиятига билдирилган эътирозлар юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Маданият вазирлиги тизимидаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ушбу концерт сценарийси ва қўшиқлар мазмуни билан танишиб чиққан ва эътироз билдирмаган.

«Хусусий тадбиркорлар концерт дастурларини ташкил этишда юртимизга гастрол сафарлари билан ташриф буюрадиган санъаткорларга дастурда кийиниш маданияти тўғрисидаги тушунчани ҳам бериб ўтишлари лозим, деб ўйлаймиз», — дейилади баёнотда.

Вазирлик ушбу концертдан ҳулоса қилган хусусий тадбиркорлар эндиликда ушбу жараёнларнинг такрор бўлишининг олдини олади, дея умид билдирди.

«Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, халқимизнинг маданияти, маънавияти ва менталитетини инобатга олиб, „Ўзбекконцерт“ давлат муассасаси бундан кейин ҳар бир концерт дастуридаги кийиниш маданиятига аҳамият беришини билдирамиз», — дея таъкидлади вазирлик.