Мудофаа вазирлигига қарашли «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида хизмат қилаётган Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари мураккаб ва ҳаракатланиш қийин бўлган тоғли ҳудудларда жанговор вазифани бажариш бўйича билим ва кўникмаларини оширдилар. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Газета.uz»га маълум қилди.

Ўтказилган тактик ўқув машғулотида ҳарбий хизматчилар тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш, тоғ тайёргарлиги анжомларидан самарали фойдаланиш, тик ва ясси баландликларга арқон ёрдамида ва арқонсиз чиқиб-тушиш, сой ва дарёлар, даралар устидан ўтиш ҳамда ярадорларни эвакуация қилиш бўйича қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажаришди.

Шунингдек, қулай ва кўзга ташланмайдиган позицияларни эгаллаш, майдон кузатувини ташкил этиш, ҳужумга ўтиш, отиш позицияларини ўзгартириш, янги сўқмоқларни ташкил этиш каби машқларда маҳорат ва тажрибаларини синовдан ўтказиб, бу борадаги билим ва кўникмаларини янада оширилди.

Ўтказилган ушбу машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг ўта мураккаб вазиятларда аниқ ва тезкор ҳаракатланишга, ноқулай шароитларда ҳам яшовчанлик кўникмалари ҳамда жанговар шайликни сақлаш борасидаги билимларини мустаҳкамлаши билан аҳамиятли бўлди.