Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати 2020 йил 1 январдан кутилаётган ўзгаришлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу ўзгаришларнинг учинчи қисми электрон меҳнат дафтарчаси, автоматлаштирилган йўл ҳақи тўлаш тизими ва бошқаларни ўз ичига олади.

1. 2020 йил 1 январдан бошлаб:

  • 2023 йил 1 январга қадар Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандлар учун календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган тушуми 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача бўлган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ягона солиқ тўлов ставкаси 2 фоиз миқдорида тўланади;
  • ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда тўланадиган давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ўрнатилади;
  • Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича чекловлар бекор қилинади.

2. Мажбурий ижро бюросининг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилади.

3. Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

4. Қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
  • давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
  • мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

5. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий гвардия тасарруфидаги спорт мактабларининг директорлари, директор ўринбосарлари, тренер, инструктор-методистлари ҳамда олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларининг тренер, инструктор-методистларининг базавий тариф ставкалари ўртача 1,35 бараварга оширилади.

6. Давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ғазначилик ижроси билан тўлиқ қамраб олинади.

Давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киритилади.

рат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади.

8. Нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистоннинг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилади.

9. Қуйидагилар жорий этилади:

  • «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси («ЯММТ» ИДАК);
  • янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек уларни тугатиш ҳолатларини «ЯММТ» ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби;
  • «ЯММТ» ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари.
10. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини, шунингдек, уларни харид қилиш ва қуришга ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тақдим этилади.

Бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби сув тежовчи технологияларни жорий этиш доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди.

Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини Давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби бекор қилинади.

11. Кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, аҳолининг ўзини ўзи банд қилишни ривожлантириш, аёллар учун имкониятларни ошириш ва ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни кредитлаш Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда АТ Халқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ (ваколатли банклар) орқали амалга оширилади.

Кичик бизнес, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёш авлод ташаббусларига ваколатли банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар беришга рухсат этилади.

Мазкур дастурларни молиялаштириш учун тегишли жамғармалар томонидан ажратиладиган ресурсларнинг 2020−2022 йилларда сўндириладиган қисми ҳар ойда ваколатли банкларга дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади, бунда ресурслар бўйича фоиз ставкаси қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоиз паст қилиб белгиланади.

12. 2020 йил 1 январдан бошлаб «Uzbekistan Airways» АЖнинг хориждаги ваколатхоналарининг барча тушумлари (эксплуатация харажатлари ва ваколатхоналарни сақлаш харажатларидан ташқари) мажбурий тартибда Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобрақамларга тушади.

13. Давлат улуши 50% дан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.

Шунингдек, қуйидагилар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилади:

  • техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси;
  • маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар (республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно);
  • иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми (махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно).

1 январдан нималар ўзгаради — 1-қисм


1 январдан нималар ўзгаради — 2-қисм