«Ўзбекистон темир йўллари» 2020 йил баҳорига қадар Озарбайжон ва Грузияга транзит поездлари ҳаракатини йўлга қўйишни режалаштирмоқда, дея хабар берди темир йўл ташувчиси матбуот хизмати.

Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон ва Туркманистон темир йўллари раҳбарларининг беш мамлакат ўртасидаги халқаро мультимодал йўналишни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашувида айтилди.

«Мультимодал йўналиш бўйича тажриба транзит контейнер поезди ҳаракатининг йўлга қўйилиши 2020 йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган», -дейилади компания сайтидаги йиғилишдан кейинги баёнотда.

Учрашув давомида иштирокчилар транзит тарифларининг умумий ставкалари ва маршрут бўйича юкларни ташиш шартларини белгилаб, логистика инфратузилмасини муҳокама қилди. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон транспорт вазирлиги раислигида иштирок этувчи мамлакатлар темир йўллари раҳбарларидан таркиб топган мувофиқлаштирувчи қўмитани тузишга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг биринчи чорагида Боку-Тбилиси-Карс темир йўл линияси бўйлаб тажриба транзит юк ташишни бошлаш режалаштирилган эди. У 2017 йил октябрь ойида Озарбайжон-Грузия-Туркия давлатлараро келишуви асосида очилган. Унинг иштирокчиларига кўра, дастлабки босқичда юк ҳажми 6,5 миллион тоннани ташкил этади ва бир миллионгача йўловчи ташилади.