Якшанба куни бўлиб ўтган сайловларни нафақат ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари ва қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, балки ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг ўзбекистонликлар ҳаётига чуқур кириб боргани шарофати билан ҳам нисбатан очиқ ва шаффоф ўтди, дейиш мумкин.

«Янги Ўзбекистон — янги сайловлар» — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар худди шу шиор остида ўтказилди. Сайлов кампанияси ҳақиқатдан ҳам барча ўтган сайловларга қараганда ёрқин бўлди. Жонли эфирлардаги очиқ дебатлар, бугунги кунга қадар муҳокама қилинган ўткир масалалар, партиялар ва ҳукуматга қаратилган танқидлар, бир фуқаронинг такрор овоз бермаслигини чекловчи сайловчиларнинг ягона рўйхати, участкалардаги камералар ваҳоказолар.

Мамлакат бўйлаб 1991 йилдан буён илк бор сайловчилар иштироки энг паст кўрсаткич — 71,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳам ишончлиликка бир далил бўла олади. Бироқ сайловолди кампанияси даврида ва сайлов кунида содир бўлган ҳодисалар бу ишончга соя солди.

Тошкентда Марказий сайлов комиссиясида ҳар соатда расмий шахслар брифингларда сайловлар «ташкилий», «байрамона кайфиятда» ўтаётгани ҳақидаги биз кўникиб кетган жумлаларни тилга олаётган бир вақтда, сайлов участкаларида майда (оила аъзлари учун овоз бериш) ва жиддий қонунбузарликлар ҳақидаги хабарлар келиб туша бошлади.

Бир қанча қонунбузарликлар тўғрисида брифинглардан бирида ҳам эълон қилинди. МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов Тошкентда маҳаллий ижро ҳокимиятининг айрим депутатлар фойдасига сайлов комиссиясига босим ўтказаётгани ҳақида хабар қилди. Ушбу ҳолатлар прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда сайлов участкаси аъзолари кузатувчиларга сохта баённомалар тўғрисида баённома тузишга тўсқинлик қилаётгани, участка сайлов комиссиялари аъзоларида даста-даста номзодлар белгилаб чиқилган бюллетенлар аниқлангани ҳақидаги хабарлар ва видеоёзувлар пайдо бўлди.

Сайловда номзод сифатида иштирок этаётган журналист ва блогер Нозим Сафаров ўзининг Telegram-каналида: «Бу яхши тажриба. Романтика ва ёлғон иллузияларга берилишдан чеклайди. Ҳаммага рахмат. Айниқса Сергели туман ҳокимига. Ҳамма ўйин туман кенгаши учун бўлди», — деб ёзди. У ўқитувчиларни тотал эксплуатация қилиб, хоҳлаган ишларини қилишгани, ҳатто ўқитувчилардан бири қўлини тишлаб олганини ёзди. Номзод Сергели туманида маҳаллий сайловлар натижаларини бекор қилишга чақирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Нозим Сафаров томонидан аниқланган қонунбузарликлар тўғрисидаги хабарни ўрганиш бошланганини маълум қилди. Ушбу ҳолат ўрганилаётгани ҳақида МСК ҳам хабар берди.

Бош прокуратура ОАВ ва Интернет тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқларда сайловга оид қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида эълон қилинган маълумот ва хабарлар узлуксиз равишда ўрганилаётганини қайд этди. Хусусан, Қашқадарё вилояти Косон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган шахсларни ўз номзодларини қайтариб олишга мажбурлаш, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари ишига ноқонуний аралашиш ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларига Тошкент шаҳри Яшнобод туманида овозларни санаб чиқиш бўйича якуний баённома нусхасини тўлдириш ва баённома нусхаларини ҳеч кимга тарқатмаслик юзасидан ғайриқонуний кўрсатма берилиши билан боғлиқ маълумотлар тармоқ орқали тарқатилиб, кенг жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлди.

«Шу муносабат билан, тажрибали прокурор-тергов ходимларидан иборат махсус гуруҳлар шакллантирилиб, мазкур хабарларнинг ҳар бири синчковлик билан ҳар томонлама ўрганилмоқда», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев (@saylov_2019bot Telegram-боти орқали) кун давомида сайловлардаги қонубузарликлар тўғрисида 1800 дан ортиқ хабар келиб тушганини маълум қилди. Энг муҳим хабарларни у мутасадди органларга тақдим этди.

«Газета.uz» таҳририятига ҳам Тошкентдаги участкалардаги қонунбузарликлар ҳақида бир қанча хабарлар келиб тушди.

«Ҳеч бир жамият хатодан ҳоли эмас, аммо энг яхши жамият хатоларни тан олади, тўғри муносабатда бўлади ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ҳис қилади», — деб ёзди у МСК ва Бош прокуратура сайловдаги қонунбузарликлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдираётганини олқишлар экан.